Андижоннинг уйқучи ҳокими одамларни дача қуришга олиб чиқишга буйруқ берди
Жамият
−
04 Август 2019
11459Ижтимоий тармоқларда кишини ҳайратга соладиган “Шошилинч хабарнома” сурати тарқалди. Унинг остида Андижон вилоятининг ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов имзоси қўйилган.
Хабарномада вилоят ҳокимлиги котибият мудирлари ва гуруҳ раҳбарларига, вилоятдаги бошқарма ва ташкилот раҳбарларига, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларига 2019 йил 4 август куни соат 7:30да Хонобод шаҳар “Хонобод” МФЙ ҳудудида ташкил этилган қурилиш штабида йиғилиш ўтказилиши белгиланган.
Йиғилишда вилоят ҳокимлиги котибият мудирлари ва гуруҳ раҳбарлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари (ўзларига ажратилган ҳар бир уйда камида 10 ишчи билан), шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари бошчилигидаги ҳудудлардан дала ҳовли қуриш учун ер участкасини олган жисмоний ва юридик шахслар (қурилиш ташкилотлари, енгил саноатга аъзо корхоналар, йирик ҳудудий тадбиркорлар, кластер корхоналар, фермер хўжаликлари, меҳмонхоналар, газ заправкалар — ўзларига ажратилган ҳар бир уйда камида 10 нафардан ишчи билан), ҳамда ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари бошлиқлари 120 нафар ишчилари (лопатка, кетмон ва бошқа асбоблар) билан иштирок этишлари шарт экани айтилган.
Хабарномада бу ишлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида “Бир ой муддатда “Хонобод” санаторийси ҳудудида бир вақтнинг ўзида 3 минг нафар мижозни қабул қилиш имкониятига эга, арзон ва тезкор барпо этилиши лозим бўлган дам олиш уйларини ташкил этиш юзасидан шарт-шароитларни чуқур ўрганган ҳолда, ҳар бир дам олиш уйларининг жойлашуви” бўйича берган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётгани ҳам таъкидлаб ўтилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентига ушбу ҳудудда олиб борилаётган ишлар жараёнини намунали тасвирга олиш ва тақдим этиш 2 август кунига режалаштирилганди. Бироқ, шу куни об-ҳаво ноқулай бўлгани (!) ва Президент видеоселектори ўтказилгани учун ушбу тадбир қолдирилган.
Хабарномага бириктирилган жадвалда вилоятдаги 68 та корхона 790 нафар одам чиқариши белгилаб берилган. Одам олиб чиқиши лозим бўлган корхоналар ичида хусусий тижорат банклари ва вилоятда фаолият кўрсатаётган қўшма корхоналар ҳам бор.
Андижон вилояти ҳокимининг бу ишини бирор нима деб изоҳлашга тил ожиз. Ҳа, ҳа, тил ожиз. Хабарномада ҳам айтиб турилибдики, 2 август куни Президент видеоселектр ўтказди. Унда мажбурий меҳнат, “снос” масаласи кўтарилди. Учта ҳоким жиддий танбеҳ олди. Андижон ҳокими эса йиғилишнинг эртаси куни давлат раҳбарининг кўзини шамғалат қилиб, 68 та ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қиляпти. Ажабо, Шавкат Мирзиёев ҳокимлар менинг ҳудудлардаги вакилим деганидан кейин улар ҳеч кимдан, ҳатто, Президентдан ҳам қўрқмайдиган бўлиб кетдими?
Шавкат Мирзиёев 2 августдаги йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга ишдан олинадиган ҳокимлар рўхатини тузишни топширганди. Бизнингча, бу рўйхатнинг бошида Фарғона, Қашқадарё ёки Хоразм ҳокимлари эмас, айнан. Андижон ҳокими бўлиши керак. Негаки у бундан аввал ҳам турли можароли вазиятларга тушган.