Андижоннинг 3 туманида халққа ажратилган кўмир талон-торож қилинди
3-саҳифа
−
12 Ноябрь 2023
5736Андижон вилоятининг 3 та туманидаги “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги омбор мудирлари халқ кўмирини талон-торож қилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Андижон вилоят филиали тасарруфидаги Андижон туман кўмир омбори мудири Ш.Б. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 362,3 миллион сўмлик 1 тонна 220 килограмм кўмирни талон-торож қилган.
Шунингдек, Булоқбоши туман кўмир омбори мудири С.Н. 178,3 миллион сўмлик 4 тонна 455 килограмм кўмирни гўёки фуқаролар олганлиги тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, нақд пулга сотган ва маблағларни ўз шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Жалақудуқ туманида содир этилган ҳолатда эса омбор мудири Й.Ю. 421,7 миллион сўмлик 1 тонна 419,9 килограмм кўмирни пуллаб, шахсий манфаатлари йўлида талон-торож қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан омбор мудирлари Ш.Б., С.Н., ва Й.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Жиноят ишлари юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
LiveБарчаси