Андижонга катта футбол энди кириб келмоқда
Спорт
−
18 Апрель 2019
4503Бугун 18 апрель куни Ўзбекистон Суперлигасининг 5-тур ўйинларига старт берилади.
Маҳаллий вақт билан 17:00да водийнинг “Андижон” жамоаси ўз майдонида Қаршининг “Насаф” клубини қабул қилади.
Эътиборлиси, андижонликлар бу йилги мавсум ҳисобидан илк марта ўз майдонларида ўйин ўтказишади. Сабаби “Андижон” клубининг уй стадиони ҳисобланмиш “Соғлом авлод” ўйингоҳи шу пайтга қадар таъмирланаётган эди.
ЎзА хабар қилишича, бугун ўйин арафасида замонавий стадионнинг очилиш маросими ҳам ўтказилади. Очилиш маросимида МОҚ президенти ва ЎФА биринчи вицепрезиденти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Маълумот учун, “Соғлом авлод” стадионида салкам тўрт ой ичида катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ўйингоҳнинг реконструкцияси учун 10 миллиард сўмдан кўп маблағ сарфланди. Майдон чими тубдан янгиланди. Эндиликда майдонни замонавий дренаж тизими орқали суғориш имконияти пайдо бўлди. Майдонга махсус мосламалар ўрнатилди, яна маълум ишлар бажарилгач, майдонга чим ётқизилди.
Асосийси Ўзбекистон шароитига мос келадиган, парваришга қараб тўрт фаслда ҳам “яшай” оладиган, қишин-ёзин яшил “либосини” кўз-кўз қилиб турадиган чим Голландиянинг Амстердам шаҳридан олиб келинди. Клуб энг сифатли чим масаласида танлаб-танлаб Волгограднинг “Промостер спорт” компанияси билан мулоқотга киришди. “Кронагрупп” номли чим етиштирувчи ушбу компания Андижонга Голландияда етиштирувчи чимни тавсия этди.
Стадионга янги электрон реклама шитлари ва табло ўрнатилди. Майдон четида жойлашган 180 метрли электрон реклама шитлари ва 11.30 х 7.20 м катталикдаги замонавий табло Хитойнинг “Фоконооптоэлектроникс” компанияси томонидан тақдим этилди. 8 йилга кафолатланаётган мосламаларнинг афзаллиги шундаки, табло 65620 хил рангда тобланади, 10 метрдан 250 метргача масофада бемалол кўриш имконини беради. Электрон реклама шити эса таблода акс этган лавҳани ҳам намойиш этишга мослаштирилганлиги билан бошқалардан ажралиб туради.
Қолаверса, стадионнинг 18300 ўринли пластмас ўриндиқлари Самарқандда замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқилган ўриндиқлар билан алмаштирилди ва уларнинг сони 19000 тага етказилди.
LiveБарчаси