Андижондаги ёғ цехидан 1,6 млрд сўмлик яроқсиз алкоголь маҳсулотлари топилди
Жамият
−
26 Август
2489Андижон вилоятидаги ёғ ишлаб чиқариш цехида тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий баҳоси 1,6 млрд сўмлик истемолга яроқсиз алкоголь маҳсулотлари топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси Избоскан туман бўлими ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “F.S.”, “А.I.”, “A.V.” ва “A.l.” МЧЖлар раҳбари А.Т. Избоскан тумани, “Қўғай” МФЙ ҳудудидаги ёғ ишлаб чиқариш цехида тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий баҳоси 1,6 млрд сўмлик 65 турдаги жами 74 577 дона алкоголь маҳсулотларини ўтказиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Ўтказилган экспертиза хулосаларига кўра, 1 052 дона алкоголь маҳсулотининг акциз маркалари қалбакилиги, 72 268 дона алкоголь маҳсулоти истеъмолга яроқсиз экани, шунингдек, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритувчи “A-sh.”, “B.G.” ҳамда “Z.V.” МЧЖлардан сотиб олинган 29 турдаги 31 060 дона алкоголь маҳсулотининг QR-код маркировкалари ҳақиқий эмаслиги қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилган эди.
LiveБарчаси