Андижондаги руҳий касалликлар шифохонасида бемор калтакланди (видео)
3-саҳифа
−
30 Октябрь 2023
10588Ижтимоий тармоқларда руҳий касалликлар шифохонасида шифокор беморни ургани тасвирланган видеолар тарқалди. Унда муассасадаги барча беморлар йўлакда саф тортгани бир “муштумзўр” шифокор уларни бирма-бир сўроқдан ўтказаётгани акс этган. Ҳатто бир вазиятда у дуч келган беморнинг қорнига мушт туширгани, бемор эса ҳушини йўқотиб ерга йиқилганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.
Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат жорий йилнинг 27 октябрь куни “Андижон вилоят руҳий соғлиқни сақлаш” диспансерида содир бўлган. Эртаси куни тонгда маъмурият томонидан ички хизмат текшируви тайинланиб, беморга қўпол муомалада бўлган ҳамда унга нисбатан жисмоний куч ишлатган кичик тиббий ходим – Ш.У.нинг иши муассаса касаба уюшмаси мажлисида кўрилиб чиқилган.
Мажлисда Ш.У. эгаллаб турган вазифасидан озод этилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, унинг бу ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тегишли ҳужжатлар ҳамда кузатув қурилмаларидаги видеоёзувлардан кўчирмалар тақдим қилинган.
Ўша куни калтакланган бемор эса вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси шифокорлари томонидан УЗИ, Рентген, лаборатория таҳлиллари ва бошқа диганостик текширувлардан ўтказилган. Беморда жиддий жароҳатлар ёки саломатлиги учун хавф туғдирадиган ҳолатлар аниқланмаган.
“Ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан суриштирув ишлари бошланган.“Андижон вилоят руҳий соғлиқни сақлаш” диспансеридаги ҳолатни вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўз назоратига олди”, дейилади хабарда.
Якунда масъуллар томонидан мазкур шифо масканидаги ишчи ходимлар билан ҳар қандай ҳолатда қўпол хатти-ҳаракат қилиш қонуний жазо кўрилишига сабаб бўлиши тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилган.