Андижонда учта автомобиль тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
05 Апрель
5053Андижон вилояти Хўжаобод туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши вафот этди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.
Кеча, 4 апрель куни соат 15:30 ларда Хўжаобод тумани “Мустақилликнинг 27 йиллиги” МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида 2002 йилда туғилган Г.А. Cobalt автомашинасини бошқариб кетаётиб, қувиб ўтиш қоидасини бузган ва ўз йўналишида қаршисидан келаётган ҳайдовчи А.Б. бошқарувидаги Damas билан тўқнашган.
Дамас автомашинаси тўқнашув оқибатида бошқарувни йўқотган ва ўзи билан бир йўналишда ёнма-ён келаётган 1990 йилда туғилган Н.Х. бошқарувидаги Москвич-412 русумли автомашинасига бориб урилган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида Cobalt ҳайдовчиси А.Г. “Бош чаноқ суягининг ёпиқ синиши, кўкрак қафасининг эзилиши”, Damas ҳайдовчиси А.Б. “Бош чаноқ суягининг ҳамда ўнг елка ва ўмров суякларининг ёпиқ синиши”, Damas йўловчиси 1995 йилда туғилган А.О. “Чап оёқ болдир суякларининг ёпиқ синиши” ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, Cobalt ҳайдовчиси Г.А. ва Damas ҳайдовчиси А.Б.лар шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани Ички ишлар бошқармаси Тергов бўлинмаси ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 апрель куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 15 та автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь