Андижонда тунда ишга жалб қилинган ободонлаштириш ходими вафот этди
3-саҳифа
−
26 Апрель 2023 11622 1 дақиқа
Андижон вилояти Марҳамат туманида тунда ишга жалб қилинган ободонлаштириш ходими йўл-транспорт ҳодисасига учраб вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфни туғилган куни муносабати билан кеча соат 21:00 дан кейин Марҳамат тумани ҳокими топшириғига асосан ободонлаштириш ходимлари мажбуран ишга чақирилган.
Манбага кўра, Муҳаммад Юсуф қабристонига келаётган Арофатхон ва Энахон исмли ходимлар йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Оқибатда Арофатхон исмли аёл воқеа жойида вафот этган.
Ушбу ҳодисани Марҳамат тумани ҳокимлиги матбуот хизмати тасдиқлаган.
Ҳокимликка кўра, кеча, 25 апрель куни соат 22:30 ларда фуқаро Ж.Т. Матиз машинасида бошқарувни йўқотиб, фуқаролар – А.Ж. ва Э.Б.ларни уриб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Марҳамат тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзгатилган.
“Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, тергов якуни бўйича айбдор шахсларга жазо муқаррарлиги таъминланишини ҳамда қўшимча батафсил маълумот берилишини маълум қиламиз”, дейилади ҳокимлик хабарида.