Андижонда террорчиларга қўшилмоқчи бўлган бир гуруҳ синфдошлар ушланди
3-саҳифа
−
10 Октябрь 2025 6963 2 дақиқа
Андижон вилоятида “шаҳидлик” ва “жиҳод” қилиш масаласида суҳбатлар ташкил этган 18 ёшли шахслар ушланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Билдирилишича, Шаҳрихон тумани, Сегиза маҳалласида яшовчи 2007 йилда туғилган шахс ижтимоий тармоқларга кириши ва турли Ўзбекистонда тақиқланган сайтлардаги материаллар билан танишиши оқибатида диний қарашлари ўзгариб, Сурия ва бошқа нотинч давлатлардаги халқаро террорчилик ташкилотларининг медиа маркази ёлловчилари таъсирига тушиб қолган. У Instagram ижтимоий тармоғи ва Telegram’да “Ahli sunna editlar” гуруҳини яратган ва “Абу Бакр” тахаллуси билан фаолият юритган.
Мазкур гуруҳга 8 нафар ўзи билан тенгдош бўлган, Шаҳрихон туманидаги мактабда бирга таҳсил оладиган синфдошларини қўшиб, улар билан шаҳидлик, жиҳод қилиш масаласида суҳбатлар олиб борган ҳамда ўзларига диний тахаллуслар ҳам қўйган. Улар бугунги кунда нотинч бўлган чет давлатларга чиқиб кетишни режалаштирган.
Андижон вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган тадбирлар натижасида мазкур жамоа фаолиятига чек қўйилиб, гуруҳ аъзоларининг террорчилик ҳаракатлари содир этилаётган хорижий давлатларга чиқиб кетишининг олди олинган.
“Instagram орқали тақиқланган видеоларни, жиҳодга чақирувчи видеоларни кўрардим. Мен гуруҳ очганман – “Ahli sunna editlar” ва у ерга синфдошларимни қўшганман, икки-уч нафарини. У ерга тақиқланган жиҳод, ана шу жанжаллар тўғрисидаги видеоларни ташлардим. Ўша канал орқали биз жиҳод видеоларини кўриб, Сурияга чиқиб кетмоқчи бўлганмиз шерикларим билан. Жиҳодга... Бу йўл хато экан, шундай иш қилганимдан афсусдаман”, дейди фуқаролардан бири.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244¹-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) учинчи қисми “Г” банди ҳамда 244²-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида 20 дан ортиқ экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар ушланганди.
Live
Барчаси