Андижонда прокурор ўринбосари ва терговчи қамалди
3-саҳифа
−
01 Август
11051Андижон вилоятида пора эвазига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган шахсни очиққа чиқариб беришни ваъда қилган Асака туман прокурорининг ўринбосари ҳамда туман прокуратураси терговчисига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Маълум қилинишича, прокурор ўринбосари С.X. терговчи X.A. билан олдиндан тил бириктириб, фуқаролар – Ф.Р., Ў.А. ҳамда А.А.нинг ишончига кириб, А.А.нинг акаси Б.А.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича смета ҳужжатларида назарда тутилмаган ортиқча бажарилган қурилиш таъмирлаш иш турларини дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича аниқланган 2,5 млрд сўм зарар ҳисобига олиш ҳамда Б.А.га нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини 15 минг АҚШ доллари эвазига ўзгартириб, уни очиққа чиқариб беришни айтиб алдаган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган судда судланувчи С.X. айбига иқрорлик билдирмай, 2022 йил 30 ноябрдан 2024 йил 23 январга қадарли Асака туман прокурорининг ўринбосари лавозимида ишлаб, 2023 йил 18 декабрдан 2024 йил 22 январгача меҳнат таътилида бўлиб, ўз аризасига асосан ишдан бўшаганини айтган.
Суд собиқ прокурор ўринбосари С.X.ни Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 28-моддаси (Жиноят иштирокчиларининг турлари) 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисмининг “а” банди ҳамда 211-моддаси ( Пора бериш) 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топиб, унга иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, шунингдек, узил-кесил 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Бундан ташқари, суд ҳукми билан туман прокуратураси собиқ терговчиси X.A. юқоридаги моддалар билан 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
LiveБарчаси