Андижонда қарздор ва унинг онаси сув таъминоти корхонаси ходимини калтаклади

Жамият

image

Андижон вилояти Избоскан туманида сув таъминоти корхонаси ходими қарздор истеъмолчилар томонидан калтакланди. Бу ҳақда “Андижон сув таъминоти” матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 май куни “Андижон сув таъминоти” Избоскан тумани филиали ходими Абдулбоқи Саидмуродов истеъмолчилар томонидан юзага келган қарздорликни сўндириш мақсадида манзилларда фаолият олиб боришга жалб этилган. Жараён давомида у филиал ҳуқуқшуноси томонидан чиқарилган талабномаларни қарздор истеъмолчиларга тарқатиш билан шуғулланган.

Жумладан, “Янги авлод” МФЙнинг Оқшом кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.А.га ҳам фойдаланилган тоза ичимлик сувидан 625 минг сўм миқдорида қарздор эканлигини огоҳлантирувчи талабнома етказиб берилган. Фуқаро эса бунга жавобан ходимни калтаклаб, унга тан жароҳати етказган.

“Бизга мана шунча қарздорликни сен чиқаргансан, деб мени “ключ” билан солиб ўтирибди-да. Онаси супурги билан, ўғли машина “ключ”и билан уриб, менга тан жароҳати етказди. Буни орасида бурним синиб, шифохонага ётқизишди,  3-4 кун “больница”да ётиб чиқдим”, дейди ходим.

Хабарда айтилишича, юқоридаги маҳаллада 112 575 нафар истеъмолчи мавжуд бўлиб, улардан бир ойда ундирилиши керак бўлган тўлов миқдори 380 миллион сўмдан иборат. Бироқ бу кўрсаткич амалда 135–140 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Избоскан туманида юзага келган ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

сув Андижон

Баҳолаганлар

269

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг