Андижонда қарийб 706 млнлик “учирувчи” дорилар тўхтатиб қолинди
3-саҳифа
−
01 Август 2022
6675Андижон вилояти Пахтаобод тумани марказида Lacetti автомобили йўловчиси хорижда ишлаб чиқарилган 20 минг 160 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кетаётганда ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Матбуот котиби Ҳусан Тангриев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, вилоят божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Пахтаобод тумани марказида тезкор тадбир ўтказилган.
“Тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган Lacetti автомобилида йўловчи сифатида кетаётган шахсга тегишли 2 дона қоп белгиланган тартибда очиб кўрилди. Натижада ушбу қопларда хорижда ишлаб чиқарилган 20 минг 160 дона “Regapen 300mg” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди”, дейди Ҳусан Тангриев.
Унинг таъкидлашича, божхона расмийлаштирувини ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, шунингдек сақлаш ҳамда ташиш қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кетилаётган мазкур дориларнинг умумий қиймати 705 млн 600 минг сўмни ташкил қилмоқда.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси