Андижонда фуқаролар ИИБ ходимлари билан муштлашди (видео)
Жамият
−
15 Апрель 2023
13881Андижон вилояти Шаҳрихон туманида фуқаролар Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан муштлашди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, воқеа жорий йилнинг 13 апрель куни Шаҳрихон тумани “Қуруқсой”маҳалласида юз берган. Туман Ички ишлар бошқармасининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор, майор С.К. хизмат олиб бораётган вақтида мазкур маҳалла ҳудудидан 2004 йилда туғилган Ш.Ш. Labo русумли автомашинада йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ҳаракатланган.
Бундан ташқари, у ўзи билан икки нафар 2006 ва 2007 йилда туғилган вояга етмаган болаларни транспортнинг юкхонасида олиб кетаётганлиги сабаб инспектор уни тўхтатган. Аммо автомашина ҳайдовчиси болаларни юкхонадан тушириб, ўзи воқеа жойидан яширинган.
Шундан сўнг ҳолатни расмийлаштириш мақсадида инспектор вояга етмаган болалар билан ИИБ биносида суҳбатлашган. Ўша вақтда Labo ҳайдовчиси Ш.Ш., унинг акаси 1992 йилда туғилган Б.Ш. ва таниши Ж.Б.лар келиб, автомашинага нисбатан маъмурий жарима қўлламасликни, автомашинани жарима майдонига жойлаштирилиши гўёки унинг тадбиркорлик фаолиятига зарар етказишини важ қилиб, ходимларнинг ҳаракатларига кескин қаршилик кўрсатган.
Шунингдек, хизмат олиб бораётган ходимларни ҳақорат қилиб, улар билан жанжал уюштириб, майор С.К.га тан жароҳатлари етказган.
Оқибатда майор С.К.га бош юмшоқ тўқималари, чап елка ички юзаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, кўкариши, милк юмшоқ тўқималарини лат ейиши ташхиси қўйилган. Ҳайдовчининг акаси Б.Ш.да бўйин олд қисмида шилинма жароҳати мавжудлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Labo ҳайдовчисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Воқеа иштирокчилари Ш.Ш., Б.Ш. ва Ж.Б.ларга эса МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 219-моддаси билан ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳозирда прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.