Андижонда 7 дона жўжани ўғирлаган эркак 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди
3-саҳифа
−
02 Февраль 11197 2 дақиқа
Андижон вилоятида қўшнисининг уйига кириб, вояга етмаган болага зўрлик ишлатган ҳолда 7 дона жўжани ўғирлаган шахс 10 йил 2 ой муддатга қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган 39 ёшли эркак 2025 йил 3 май куни соат 13:30 ларда маҳалладошининг хонадонига ўғрилик қилиш ниятида кирган. Ҳовлида хонадон эгасининг вояга етмаган ўғлини кўриб қолиб, унга ҳужум қилган. Айбланувчи болага зўрлик ишлатиб, уриб-дўппослаган, бўйнидан бўғиб, оғир тан жароҳати етказган.
Шундан сўнг ҳовли катагидан 7 дона жўжани босқинчилик йўли билан ўғирлаб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Аниқланишича, мазкур шахс муқаддам ҳам турли жиноятларни содир этгани учун 7 марта судланиб, жазо муддатларини ўтаб чиққан.
Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг 2025 йил 11 ноябрдаги ҳукмига асосан у Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисмининг “а, в, г” (хавфли рецидивист) бандлари билан айбли деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят кодексининг 60- ва 61-моддалари қўлланилиб, якуний жазо 10 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш этиб белгиланган. Шунингдек, у Жиноят кодексининг 34-моддасига (Рецидив жиноят) асосан ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Айбланувчи айбига иқрор бўлган, бироқ у ўта хавфли рецидивист деб топилганига эътироз билдириб, апелляция шикояти киритган.
Жорий йилнинг 28 январь куни Андижон вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида видео-конференс алоқа тизими орқали ўтказилган очиқ суд мажлисида мазкур иш қайта кўриб чиқилган. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисмининг “а” банди (такроран, хавфли рецидивист) нотўғри қўлланилган, деган хулосага келган. Суд ҳайъатига кўра, айбланувчи аввал мазкур модда ёки унга ўхшаш жиноятлар учун судланмаган бўлиб, унинг ҳаракатларида такрорийлик белгиси мавжуд эмас.
Шу асосда апелляция суди айбловдан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисмининг “а” бандини (такроран, хавфли рецидивист) чиқаришга қарор қилган. Бироқ, суд жазо тури ва муддатини адолатли деб топиб, 10 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзгаришсиз қолдирган.
Суд қарорининг қолган қисми, жумладан, жазони ижро этиш тартиби ҳам ўзгаришсиз қолдирилган. Апелляция шикояти эса қисман қаноатлантирилган.
Live
БарчасиЭрдўған Саудияга борди
03 Февраль
Путин “қора шаҳзода” билан телефонлашди
03 Февраль
Қашқадарёда ЙПХ машинаси ёниб кетди
03 Февраль