Андижонда 5 ёшли болани итлар галаси талади
3-саҳифа
−
13 Июль 2023
10988Андижон вилояти Хўжаобод туманида 5 яшар болага итлар галаси ҳужум қилди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат 9 июль куни Хўжаобод тумани “Мустақилликнинг 30 йиллиги” маҳалласида содир бўлган. Холасининг уйига меҳмонга борган 5 ёшли бола аҳоли яшаш ҳудудидан узоқда жойлашган чиқиндихона ҳудудда қаровсиз ҳолатда ўйнаётган вақтида итлар галаси ҳужумига учраган.
Дастлабки маълумотларга кўра, болада ўнг юзи, иккала қулоқ супраси, чап ўмров соҳаси, кўкрак қафаси орқа юзаси, иккала елка, думғаза соҳасида ит тишлаши оқибатида орттирилган жароҳатлар аниқланган.
“Вилоят марказидаги шифохонада даволанаётган боланинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли, ҳушида, ўзи мустақил овқатланмоқда, ҳаракатланмоқда. Даволаниш жараёнлари вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва тиббий марказ директори назоратига олинган, болада қутуриш аломатлари йўқ”, дейилади хабарда.