Андижонда ҳомиладор келинчак калтакланишининг тафсилотлари очиқланди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Андижонда ҳомиладор келинчак калтаклангани акс этган видео тарқалди. Ҳодиса Булоқбоши туманида юз бергани айтилди. 

Видеотасвирга қолдирилган изоҳда ушбу ҳолат ёш келинчак эрининг хиёнат қилганидан хабар топиб, уни туман марказидаги кўп қаватли уйга излаб келганлиги ва бу ерда ҳомиладор келинчакни ижара уйда исловотхона ташкил қилган аёл томонидан калтакланганлиги баён қилинган.

Мазкур воқеа юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги расмий маълумот берди. Унга кўра, мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш ва унга холис баҳо бериш мақсадида Андижон вилояти ИИБнинг масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

Маълум бўлишича, видеотасвирдаги жараёнлар жорий йилнинг 1 август куни соат 11:20 ларда Булоқбоши тумани “М.Исмоилий” МФЙда содир бўлган. Олиб борилган терговга қадар текширув ишлари давомида Булоқбоши тумани “Сохибкор” МФЙда яшовчи фуқаро Д.М турмуш ўртоғи Ш.М билан ўзининг Tico русумли автомашинасида оёғини шифокорга боғлатиш мақсадида келиб, машинасини тўҳтатган вақтида шу кўчада яшовчи вояга етмаган фуқаро М.Х унинг машинасига туртилиб кетган. Бундан жаҳли чиққан фуқаро Д.М вояга етмаган М.Х.ни уятли сўзлар билан ҳақоратлаган. Орадан бироз вақт ўтгандан кейин фуқаро Д.М ўзининг хатти-ҳаракатлари нотўғрилигини хис этиб, М.Х.дан кечирим сўраш мақсадида унинг яшаш уйига борган вақтида М.Х.нинг онаси М.Ғ фукаро Д.М ва унинг турмуш ўртоғи Ш.М.ни яшаш уйининг олдида уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, урган.

Бўлиб ўтган ҳолатдан сўнг, фуқаро М.Ғ шу куннинг ўзида фуқаро Д.М.нинг яшаш хонадонига бориб ўзининг жаҳлини жиловлай олмасдан уларни уруб юборганлиги учун кечирим сўраган. Фуқаро Д.М ҳам ўзининг салбий хатти-ҳаракатлари учун шу куннинг ўзида фуқаро М.Ғ.ни уйига бориб кечирим сўраган.

Ушбу ҳолат юзасидан 9 августга қадар Булоқбоши тумани ИИБга ҳеч қандай ариза ва шикоятлар келиб тушмаган. 

Булоқбоши тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари давомида ушбу видеотасвир Булоқбоши тумани “М.Исмоилий” МФЙда яшовчи фуқаро Н.Э томонидан интернет тармоқларига умуман бошқача тарзда изоҳланиб, чиқариб юборилгани аниқланган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон келин ҳомиладор

Баҳолаганлар

832

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг