“Андижон девзира оши” ҳам патентланди
Жамият
−
05 Июнь 2580 2 дақиқа
“Андижон девзира оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, “Андижон девзира оши” асрлар давомида шаклланган ошпазлик анъаналари, ўзига хос тайёрланиш усули ва ноёб таъми билан ажралиб турадиган миллий таом ҳисобланади. Ушбу ош тури асосан Фарғона водийсида етиштириладиган машҳур девзира гуручи асосида тайёрланади.
Таъкидланишича, девзира гуручи қизғиш тусли, зич ва сифатли доналари билан ажралиб туради ҳамда ошга ўзига хос таъм, хушбўйлик ва дона-дона кўриниш бағишлайди.
Агентликка кўра, географик кўрсаткич мақомининг берилиши “Андижон девзира оши” номи ва унинг анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, маҳсулотнинг ўзига хослигини сақлаш ҳамда сифат кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур мақом Андижон вилоятининг гастрономик салоҳиятини намоён этиш, миллий брендларни ривожлантириш, туризмни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек ошпазлик маданиятини халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган.
Маълумот учун, географик кўрсаткич маҳсулотнинг муайян ҳудуд билан боғлиқлигини ҳамда унинг сифати ва обрў-эътибори айнан шу ҳудуднинг табиий ва ижтимоий омиллари билан чамбарчас боғлиқ эканини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятига хос бўлган “Софи оши” миллий таоми географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганди. Шунингдек, “Ғиждувон шашлик”, “Ғузор тандир гўшти”, “Самарқанд нони”, “Хоразм тухумбараги”, “Андижон дўпписи”, “Сўқоқ сомсаси”, “Самарқанд нўхат шўраги”, “Самарқанд қоғози”, “Зомин қозон патири” ҳамда “Балиқ қарма” миллий таоми географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганди.