“Андижон ҳокимлигининг пилот лойиҳаси”. Беларусдаги ўзбекистонликлар бўйича изоҳ берилди
Жамият
−
15 июл 15334 2 дақиқа
Аввалроқ, Беларусь Республикасига ишлаш учун борган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг даромад ва меҳнат шароитлари масаласида Андижон вилояти ҳокимига мурожаат йўллагани хабар қилинганди. Видеомурожаатда фуқаролар Беларусда иш берувчи томонидан таклиф қилинган 500 долларлик ойлик ўта камлиги ҳамда бу шароитда хорижда ишлашдан кўра, Ўзбекистонга қайтиб, меҳнат қилиш маъқул эканини айтган. Маълум бўлишича, фуқароларнинг Беларусга ишга юборилиши Андижон вилояти ҳокимлигининг пилот лойиҳаси. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Миграция агенлтиги матбуот котиби Гулруҳ Тўлаева маълум қилди.
Унинг билдиришича, иш бўйича шартларни Андижон вилояти ҳокимлиги эълон қилган ва маҳаллий ҳокимликлар орқали одамларни йиққан. Беларусга ишга борган 200 нафар одамнинг ҳаммаси битта жойда ишламайди ва ҳар хил иш берувчиларга бўлиниб кетган. Шу сабабли ҳамма иш берувчида ойлик маош, вакансия, яшаш ва ишлаш шароитлари ҳар хил.
“Миграция агентлиги хорижда ишлаётган ҳар битта фуқаромизнинг яшаш-ишлаш шароитини ўрганади. Уларга тўғри келмаган, шартнома шартларидан бошқача бўлган яшаш, ишлаш ва ойлик маошлари бўлса, бошқа ишга ўтишда амалий ёрдам берилади”, дейди Гулруҳ Тўлаева.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ўзбекистонликларни хорижга ишга юборишда Миграция агентлигининг иш берувчига талаблари бор. Хусусан, ҳар қандай давлат таклиф қилаётган маош ўша давлатдаги энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак. Жумладан, Миграция агентлиги талаб бўйича 1000 доллардан кам бўлган ойлик маош таклифига рози бўлмайди.
“Уларга бошқа иш ўринлари таклиф қилинади ва бошқа иш ўринларига ўтказилади. Агар унда ҳам рози бўлишмаса, албатта ватанга қайтариш бўйича амалий чоралар кўрилади”, дейди агентлик сўзловчиси.
Андижон вилояти ҳокимлиги ҳозирча ҳолат юзасидан муносабат билдирмади.
Эслатиб ўтамиз, юқорида гап кетган видеомурожаатда фуқаролар Беларусда иш берувчи томонидан таклиф қилинган 500 долларлик ойлик ўта камлиги ҳамда бу шароитда хорижда ишлашдан кўра, Ўзбекистонга қайтиб, меҳнат қилиш маъқул эканини айтганди. Шунингдек, улар масалани ҳал этишда Андижон вилояти ҳокимидан амалий ёрдам сўраган эди.
Live
Барчаси