Андижон ҳокими автомобиль сотиб олишга 644 млн сўм ажратди
Жамият
−
13:33 3695 1 дақиқа
Андижон вилояти ҳокимлиги хизмат автомобилларини харид қилиш учун бюджет захира жамғармасидан 644 миллион сўм олади. Бу вилоят ҳокимининг жорий йилнинг 7 октябрь куни имзоланган “Вилоят бюджетининг 2026 йил захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, вилоят бюджетининг жорий йилги захира жамғармасидан жами 744 миллион сўм ажратилади. Шундан 100 миллион сўм Андижон давлат ўрмон хўжалиги учун 10 минг туп павлония кўчатини сотиб олишга йўналтирилади. Қолган 644 миллион сўм эса вилоят ҳокимлиги Ишлар бошқармасига хизмат автомобилларини сотиб олиш учун ажратилади. Бироқ қарорда нечта ва қандай русумдаги автомобиллар харид қилиниши кўрсатилмаган.
Қарор билан ушбу маблағларни ҳисобга олган ҳолда 2026 йилги харажатлар режасига ўзгартиш киритиш ҳам белгиланган.
Маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш Андижон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмалжон Тўланов зиммасига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Андижон полькаси”нинг “Гиннесс” рекордлар китобига киритилиши билан боғлиқ харажатлар учун 730 млн сўм ажратилгани маълум бўлган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь