Ўзбекистонда солиқчилар тайёрловчи алоҳида ОТМ очилади
Жамият
−
17 Март 2020
11965Ўзбекистонда солиқ соҳаси вакилларини талаб даражасида тайёрлаш мақсадида янги институт иш бошлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг " Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида"ги фармон лойиҳасида қайд этилган.
Ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институти ташкил этилади.
Институт “Солиқлар ва солиққа тортиш”, “Молиявий назорат ва аудит”, “Солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи”, “Иқтисодиётда ахборот технологиялари” таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни ва юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Белгиланишича:
• Институтни бошқариш Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан амалга оширилади;
• Институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимига юқори малакали хорижий мутахассис тайинланади;
• Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази директори Институт проректори ҳисобланади;
• Институт тузилмасида “Солиқ эволюцияси музейи” ташкил этилади;
• Институт ўрнатилган тартибда стипендия тўлаш ва моддий таъминот белгилашни таъминлаган ҳолда таълим муддати уч йил бўлган бакалаврларни ва таълим муддати бир йил бўлган магистрларни тайёрлайди;
• Институтга ўқишга қабул Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиблари асосида амалга оширилади;
• 2020/2021 ўқув йилида Институтнинг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш квотаси 3-иловага мувофиқ 420 киши (шу жумладан, давлат грантлари бўйича 130 киши), магистратурасига 26 киши (шу жумладан, давлат грантлари бўйича 5 киши) этиб белгиланади;
• вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган йўналишлар доирасида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида сиртқи таълим шаклида ўқитиш ташкил этилади;
• Институт ректори, проректорлари, факультет деканлари, декан ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларининг лавозим маошлари олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорида белгиланади;
• Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Институтнинг бўлим бошлиқлари – факультет деканига, бош мутахассис – катта ўқитувчига, етакчи мутахассис – ўқитувчига тенглаштирилади, бошқа ходимларнинг лавозим маошлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларида белгиланади;
• Институтнинг маъмурий-бошқарув ва профессор-ўқитувчилар таркибига Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати ходимларининг тегишли тоифалари учун хизматни ўташ тартиблари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ходимларининг тегишли тоифалари учун мукофотларни тўлаш тартиби татбиқ этилади;
• Институтга профессор-ўқитувчилар ўқув-услубий ва илмий фаолияти бўйича вақт меъёрларини, шунингдек, улар учун чекланган ўқув юкламасини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилади.
Институт тузилмасида Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг бўлинмаси (факультети) ташкил этилади ва унинг моддий-техник таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Институтда давлат грантлари асосида таҳсил олган талабаларга ўқишни тамомлаганидан сўнг, давлат солиқ хизмати органларида камида беш йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.