“Амирсой”га олиб борувчи ўпирилган йўл экспертизадан ўтмагани маълум бўлди
Жамият
−
30 Май 2021
6978Жорий йилнинг март ойи охирида Тошкент вилоятида “Амирсой” тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳудудида кўчки юз бергани ҳабар қилинганди. Кўчки натижасида йўл яроқсиз ҳолга келиб қолганди.
Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида автомобиль йўлларининг сифатсизлиги муаммоси кўтарилиб, курортга олиб борувчи йўл лойиҳаси экспертизадан ўтказилмагани айтиб ўтилди.
Ялпи мажлисда автомобиль йўли қурилиши соҳасига оид барча функцияларнинг битта ташкилот – Автомобиль йўллари қўмитасида жамланиши йўлларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Қайд этилишича, “Амирсой” тоғ курортига олиб борувчи автомобиль йўлини қуриш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилиб, камчиликлар мавжудлиги сабабли меъёрий ҳужжатлар талабларига тўлиқ мослаштириб, қайтадан экспертизадан ўтказиш лозимлиги тўғрисида хулоса берилган.
Шундан сўнг яна икки маротаба Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан Тошкент вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига “Амирсой” тоғ курортига олиб борувчи автомобиль йўлини қуриш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини қайта экспертизадан ўтказмасдан туриб, қурилиш ишларини олиб бориш мумкин эмаслиги тўғрисида хатлар юборилган бўлишига қарамасдан, “Тошкент вилояти минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси томонидан йўл қурилиши давом эттирилиб, якунига етказилган.
Оқибатда жорий йил март ойида айнан мазкур йўлда кўчки содир бўлиб, автомобиль йўлига жиддий зарар етказилган.
LiveБарчаси