Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
Олам
−
11:30
4451Американинг Responsible Statecraft таҳлил маркази АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампни иккинчи муддати бошланишида Марказий Осиёга эътиборини қаратишга чақирмоқда. Бу ҳақда таҳлил марказининг ҳисоботида қайд этилган.
Унга кўра, глобал кун тартибида Украинадаги можаролар, Тайвань муаммоси ва савдо можаролари бор бўлса-да, Марказий Осиё Америка манфаатлари учун муҳим роль ўйнаши мумкин.
Таҳлилчиларга кўра, АҚШ Россия ва Хитой фаол бўлган минтақа билан ҳали мустаҳкам алоқалар ўрнатмаган. Марказий Осиёда катта ресурслар ва стратегик аҳамиятга эга транспорт коридорлари мавжуд. Трампнинг рамзий ташрифи Вашингтоннинг минтақадаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлидаги қадам бўлиши мумкин, бу эса глобал таъминот занжирлари ва энергия алмашинувига таъсир қилади.
“Президент Трамп Марказий Осиёга нисбатан нима қилиши керак? Аввал у жойга боринг!”, дея сайланган президентга таклиф берган таҳлилчилар.
Улар таъкидлаганидек, дипломатлар қанчалик яхши бўлмасин, музокаралар муваффақиятига раҳбарлар ўртасидаги шахсий учрашувданда кўра кўпроқ ҳеч нарса ёрдам бермайди.
АҚШнинг Трансафғон темирйўли қурилишидаги иштироки Афғонистонни барқарорлаштириш ва қўшни давлатлар иқтисодиётини ривожлантиришга ёрдам бериши, Америка бизнеси учун янги имкониятлар яратиши ва Вашингтоннинг минтақадаги таъсирини ошириши мумкин. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёни Покистоннинг Карачи, Гвадар ва Қосим портлари билан боғлаб, минглаб иш ўринларини яратади ва экстремистик гуруҳларни қўллаб-қувватлашнинг ижтимоий базасини қисқартиради.
Ўзбекистон ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистон орқали ўтадиган 760 км темирйўл Покистонга юкларни етказиб бериш муддатини тахминан беш кунга, транспорт харажатларини эса камида 40 фоизга қисқартиради. Тахминларга кўра, қиймати 6 миллиард долларгача бўлган лойиҳа 2027 йил охиригача якунланади, 2030 йилгача поездлар Трансафғон темирйўли бўйлаб йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлади. Янги темирйўл йўналиши Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия, Ўзбекистон ва Афғонистонни Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига товарлар экспорт қилиш учун Араб денгизидаги Покистон портлари билан боғлайди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё “яшил” технологиялар учун зарур бўлган марганец, хром, қўрғошин, рух ва титан каби муҳим минералларга бой. Хитой томонидан ушбу фойдали қазилмаларни экспорт қилиш бўйича сўнгги чекловлар АҚШни ушбу ресурслардан узоқ муддатли фойдаланишни таъминлаш учун С5+1 платформаси орқали минтақалар билан мулоқотни фаоллаштиришга ундаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 79-йиллик сессияси доирасида C5+1 минтақавий дипломатик платформаси шафелигида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШ Давлат котиби ўртасида учрашув бўлиб ўтганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш, транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва фаровонликка кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятини таъкидлаган. У экологик ўзгаришлар оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратган.
LiveБарчаси