Америкалик иқтисодчи Хитой иқтисодиёти “чўкаётгани”ни айтди
Олам
−
21 Январь
8693Америкалик иқтисодчи, Нобель мукофоти совриндори Пол Кругман юқори даражадаги ишсизлик ва дефляция туфайли Хитой иқтисодиёти турғунлик даврини бошдан кечираётганини маълум қилди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
"Бу тўлиқ миқёсли инқироз эмас, аммо Хитой турғунлик ва тушкунлик даврига кириб бораётганига асос бор", деган эксперт.
Кругманнинг фикрича, айрим таҳлилчилар Хитойда коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар олиб ташланганидан кейин мамлакат иқтисодиётининг ўсишини кутаётган эди. ЯИМнинг 5,2 фоизга ўсганини ҳисобга олмаганда, кутилмалар деярли ўзини оқламади.
"Хитойнинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси 2010 йилдан бошлаб, қисқаришда давом этмоқда. Мамлакат айрим соҳаларда технологик ютуқларга эришаётган бўлса-да, умумий иш унумдорлиги сезиларли даражада эмас", дейди Кругман.
Иқтисодчи ўтган асрнинг 80-йилларида Японияда кузатилгани каби дефляция ва ёшлар ўртасидаги ишсизлик ошиб бораётганига ҳам эътибор қаратган. Нобель мукофоти соҳиби дунёнинг йирик иқтисодиётидаги мавжуд вазиятни Хитойнинг "турғунлик ва умидсизлик даври"га қадам қўяётганидан дарак деб ҳисоблаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “South China Morning Post” тадқиқотчилари Хитой аҳолиси 2023 йилда 2,08 миллион кишига қисқаргани ҳақида маълум қилганди ва бу келгуси йилларда ҳам давом этиши мумкин.
LiveБарчаси