Алонсонинг “Челси”даги мақсадлари маълум бўлди

Спорт

image
“Реал Мадрид” жамоасининг собиқ мураббийи Хаби Алонсо Лондонинг “Челси” жамоаси бош мураббийи лавозимини эгаллади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Манбага кўра, Алонсонинг “Челси”га тайинланиши клубда катта ўзгаришлар бошланишини англатади. Лондонликлар испаниялик мутахассисга оддий бош мураббий эмас, балки “менежер” мақомини берган. Бундай ҳодиса, Тодд Боули раҳбарияти даврида биринчи марта кузатилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур қарор Алонсонинг лойиҳадаги аҳамиятини кўрсатади ва унга клубнинг асосий қарорлари, жумладан трансфер сиёсатига жиддий таъсир ўтказиш имконини беради. Испаниялик мутахассис футболчиларни сотиб олиш ва сотиш жараёнларида ҳам муҳим сўз эгаси бўлади.

Хабарларга қараганда, “Челси” ёзги трансферлар ойнасида таркибни сезиларли кучайтиришни режалаштирмоқда. Коль Палмер, Мойсес Кайседо ва Жоао Педро каби футболчилар жамоада дахлсиз ҳисобланмоқда.

Шу билан бирга, таркибга дарҳол ёрдам бера оладиган юқори савиядаги уч нафар футболчини харид қилиш режаси ҳам бор. Айрим ўйинчилар эса, жамоани тарк этиши мумкин.

Манбада айтилишича, клуб раҳбарияти Алонсога уни клуб эгаларининг тўлақонли ҳамкорига айланишини ва ундан олдинги мураббийларга нисбатан кўпроқ қарорларга таъсир ўтказа олишини аниқ тушунтирган. Испаниялик мутахассис аллақачон жамоа тузишдаги ёндашуви билан раҳбариятни ҳайратда қолдирган. У таркибда “ақлий жиҳатдан кучли футболчилар”ни кўришни истамоқда.

Шунингдек, “Челси” янги футболчилар бўйича аввалги қатъий ёш сиёсатида юмшашга тайёр экани ҳам таъкидланган. Клуб ичидаги кутилмаларга кўра, жамоа кейинги уч мавсум ичида Премьер-лига чемпионлиги учун жиддий кураш олиб бориши керак. Раҳбарият Алонсонинг тайинланишини клуб ривожидаги янги босқич рамзи сифатида баҳоламоқда ва аввалги хатолардан тегишли хулоса чиқарилганига ишонмоқда.

Маълумот учун, жорий мавсум якунланишига 2 тур қолганда “Челси” АПЛ жадвалида 49 очко билан 10-ўринда бормоқда.

Мақола муаллифи

Теглар

“Челси” Тодд Боули Хаби Алонсо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг