Алламжонов ва Мирзиёева Австрияга нега борди?
Жамият
−
25 Июнь 2019
6696Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов ва директор ўринбосари – Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева айни дамда ишчи ташриф билан Австрияда бўлиб турибди.
Ташриф давомида Алламжонов ва Мирзиёева Австриядаги энг нуфузли нашрлардан бири – “Kurier” газетаси раҳбари Гельмут Брандштаттер билан учрашди.
“Учрашувда Австрия ва Ўзбекистондаги нашрларнинг бугунги ҳолати ҳақида суҳбатлашдик, ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини муҳокама қилдик”, дейди Алламжонов.
“Kurier” газетаси немис тилида ҳар куни 385 минг нусхада чоп этилади. У дунёда энг ўқиладиган газеталар рейтингида 18-ўринда қайд этилган.
“Ўйлайманки, бутун дунёда босма нашрлар босқичма-босқич электрон кўринишга ўтаётган бир паллада ҳам қоғоз, ҳам электрон вариантда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ушбу газета тажрибаси бизнинг босма нашрларимиз учун ҳам қизиқарли ва фойдали бўлади”, деб қўшимча қилади Алламжонов.
Агентлик жамоасининг яна бир муҳим учрашуви – Австрия давлат телерадиокомпанияси “ORF” Бош директори Александр Врабетц билан ўтказилди.
Учрашувда соҳадаги замонавий илғор тажрибалар, дунёдаги телерадиокомпанияларнинг бугунги ҳолати ҳамда тизимни янада ривожлантириш учун қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида фикр алмашилган.
Österreichischer Rundfunk (ORF) – давлат телерадиокомпанияси ва Австриядаги энг етакчи электрон ОАВ ҳисобланади. Компаниянинг иқтисодий ва ижодий соҳалардаги муваффақиятлари ўрганишга арзийди.
Шунингдек, Алламжонов ва Мирзиёева Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер билан ҳам учрашди.
“Мулоқот давомида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердик. Ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган икки томонлама алоқалар ҳамда манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдик”, дейди Алламжонов ушбу учрашув ҳақида.
Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган учрашувда Томас Гремингер Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлардан хабардор эканлигини ҳамда ЕХҲТ бу ислоҳотларга нисбатан юқори баҳо беришини таъкидлаган.
Қолаверса, журналистлар ҳам сўз масъулияти ва журналистика этикаси ҳамда қонун-қоидаларига риоя этиши лозимлигини қўшимча қилган.
Томас Гремингер Ўзбекистонда чет эл ахборот ресурсларига кириш имконияти берилганини юқори баҳолади. У мамлакатдаги очиқлик сиёсати давом этишига умид билдирар экан, ЕХҲТ барча йўналишда Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлишга тайёр эканини маълум қилди.
LiveБарчаси