Алламжонов одамларни ваҳима қилмасликка чақирмоқда
Интервью
−
16 Март 2021
14482Агар Ўзбекистонда яна коронавирус инфекцияси авж олиб, касалланганлар сони ортган тақдирда ҳам ваҳимага тушмаслик керак. Чунки, ўтган йили ваҳиманинг ўзи ҳам тизимни “паралич” ҳолатига келишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов кеча, 15 март куни QALAMPIR.UZ’нинг #CoronaMarafoni жонли мулоқотида маълум қилди.
“Одамлар бирдан ваҳимага тушиб, касаллик авж олиб, ҳамма тез ёрдамга қўнғироқ қилишни бошлади. Оқибатда ҳақиқатан тез ёрдамга муҳтож бўлган одамлар вақтида муолажа ололмай қолди. Хотиржамлик билан касалликни енгмасак, қийналамиз. Ўтган вақт давомида ҳаммамиз касалликнинг характерини, унинг организмимизда кўрсатадиган ҳунарларини тушуниб қолдик. Тўғри, касаллик иккинчи ва учинчи марта авж олиши ёмон ҳолат. Лекин биз у билан максимал даражада курашиб, унинг олдини олмасак, ваҳима билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди”, дейди Комил Алламжонов.
У сўзида давом этаркан, Ўзбекистонда кучайтирилган карантин даврида ҳуқуқ-тартибот органлари ва куч ишлатар тузилмалар қаторида ОАВ ҳам бир сафда туриб хизмат қилгани, журналист ва блогерлар ҳам ҳаётини хавф остига қўйиб, халқ саломатлиги ва фаровонлиги учун меҳнат қилганини, бироқ бу меҳнат эътибордан четдан қолганини алоҳида урғулади.
“Ҳозир кимгадир раҳмат ё кимгадир лаънат дейиш хато бўлади. Бу янги касаллик эди. Куш ишлатар тузилмалардан тортиб шифокорларгача, ҳамма қўлидан келганича ҳаракат қилди”, дейди Алламжонов.
Суҳбатнинг видео шаклини тез оради YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.