Алкоголь ва тамакига янги акциз марка жорий этилади
Жамият
−
05 Февраль 2020
8579Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилади.
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари намуналари ва тавсифлари тасдиқланади.
Белгилананишича, эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоғидаги алкоголь ва тамаки маҳсулотлари янги намунадаги акциз маркалари жорий этилган кундан бошлаб тўққиз ой ўтгач маркаланмаган деб ҳисобланади ва белгиланган тартибда олиб қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси 2021 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини аниқлаш, уларнинг олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоғида сотилишининг олдини олиш, шунингдек ушбу маҳсулотларни белгиланган тартибда олиб қўйиш чора-тадбирларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисидаги ахборотни алкоголь ва тамаки маҳсулотларини импорт қилувчилар эътиборига етказади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисидаги ахборотни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотлари эътиборига етказади;
янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишларини олиб боради.
2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жорий этиладиган янги намунадаги алкоголь маҳсулотлари акциз маркаларининг тавсифи:
Ўзбекистон Республикаси акциз маркалари 160х18 мм ўлчовда бўлиб, горизонтал ҳолатда жойлашган.
Акциз марканинг чап томонида метоллограф босма усулида бинафша рангида босилган нақшинкор безак мавжуд.
Нақшинкор безакнинг ўнг томонида "O’ZBEKISTON AKSIZ MARKASI" сўзи вертикал кўринишда чоп этилган.
“O’ZBEKISTON AKSIZ MARKASI” сўзининг ўнг томонида кумуш рангли тасвир ифодаланган. Кумуш рангли тасвир устида “2020” аббревиатураси бўёқсиз металлограф босма усулида тасвирланган.
Кумуш рангли тасвирнинг ўнг томонида “UZB” аббревиатураси жойлаштирилган.
Акциз марканинг марказида QR-CODE жойлашган бўлиб, у ўз ичига маҳсулотни ишлаб чиқарган завод номи, алкоголь ичимлиги номи, завод коди, алкоголь ичимлиги ҳажми, акциз марканинг серия рақамлари ва индивидуал рақам маълумотлари киритилган.
QR-CODE нинг ўнг тарафидаги оқ қисмининг периметри бўйлаб жойлашган микроматн – кўп марта катталаштирилганда кўринадиган матн, такрорланувчи “UZBEKISTAN” сўз бирикмаси кўринишида мавжуд.
Акциз марканинг марказидан ўнг тарафида маҳсулот номи, серия рақамлари ва маҳсулот ҳажми ифодаланган.
Маҳсулот номининг ўнг томонида кўриш бурчаги рангини ўзгарганда ўз рангини ўзгартирадиган, “АНТИСТОКС” ҳусусиятига эга иридисцент бўёғида трафарет босма усулида тасвир тушурилган бўлиб тасвир устида “DSN” ва “UZB” аббревиатуралари мавжуд.
Акциз марканинг ўнг томонида ишлаб чиқарувчининг код рақамлари “O’Z20…” ёки “IM20…” ифодаланган.
Ишлаб чиқарувчининг код рақамларининг чап тарафида ишлаб чиқарувчи заводнинг логотипи жойлашган.
2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жорий этиладиган янги намунадаги тамаки маҳсулотлари акциз маркаларининг тавсифи:
Ўзбекистон Республикаси тамаки маҳсулоти учун акциз маркалари 44х19 мм ўлчовда бўлиб, горизонтал ҳолатда жойлашган.
Тамаки маҳсулоти учун акциз маркасининг тангир (фон) сеткаси ҳар-хил қияликда жойлашган чизиқлар кўринишида бажарилган.
Акциз марканинг тангир (фон) сеткасидаги чизиқлар барглар кўринишида тасвирланган бўлиб, бу тасвир марказида “AKSIZ” сўзлари ифода этилган.
Акциз марканинг ўнг томонининг оқ қисмида ёруғликда кўринадиган сув белгисининг элементлари жойлашган.
Акциз марканинг чап томонида ромб кўринишидаги микроматн жойлашган бўлиб, бу микроматн катталаштирилганда такрорланувчи “AKSIZMARKA” сўз бирикмасини кўриш мумкин.
Микроматннинг ўнг томонида, яъни аксиз марканинг марказида гильош нақши тасвирланган бўлиб, бу нақшнинг устига оптик ўзгарувчан “DSN” аббревиатураси элементи иридисцент бўёғида чоп этилган.
Гильош нақшининг юқори қисмида “TAMAKI MAHSULOTLARI”, пастки қисмида эса “O’ZBEKISTON AKSIZ MARKASI” cўз бирикмалари ва аксиз марка ишлаб чиқарувчининг код рақами “O’Z 1901” тасвирланган.
Гильош нақшининг ўнг томонида махсус ҳимоя бўёғи билан чоп этилган ультрабинафша ва инфрақизил нурлари остида кўринадиган ромб шаклидаги элемент акс эттирилган.
Акциз марканинг икки томонида ярим айлана кўринишида такрорланувчи микроматн жойлашган бўлиб, кўп маротаба катталаштирилганда “TAMAKIMAHSULOTLARI” сўз бирикмаларини кўриш мумкин.
Акциз марканинг тўртбурчагида 450 С бурчак остида тасвирланган чизиқларда микроматн мавжуд бўлиб, уни кўп маротаба катталаштирилганда такрорланувчи “AKSIZMARKA” сўз бирикмалари ифодаланган.