Алиев ўтириб чиққан 7 йилининг аламини кимдан олмоқчи?
Таҳлил
−
25 Октябрь 2019
21449Халқ орасида “Олтин қироли” номини олган озар миллатига мансуб ўзбекистонлик заргар Аҳмед Алиев Жаслиқдаги колонияда 7 йил жазо ўташига сабаб бўлган жиноят иши уйдирма эканини иддао қилмоқда. Бу ҳақда у Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Бирор кишини қамаш учун фақатгина кўрсатманинг ўзи етарли бўлган даврлар эди. Ҳатто, Сталин даврида ҳам бундай бўлмаган. Мени 23 та модда билан айблашди. Сизларни ишонтириб айтаманки, 23 та модданинг ҳар бири учун менда ва адвокатларимда айбсизлигимни исботловчи далиллар бор. Яна бир бор айтаман: иш (таҳр. жиноят иши) 100 фоиз тўқиб чиқарилганди”, деди заргар Алиев.
Шундан сўнг, Аҳмед Алиев сўзида давом этиб, жиноят иши очилишига сабаб бўлган омилларни айтиб ўтди.
“Мен заргарлик биснеси етакчиларидан бўлганим учун Ўзбекистонга заргарлик биснеси муаммолари ва уларни ечиш йўллари тўғрисида концепция ёзганман. Концепцияни статистик маълумотларга таяниб ишлаб чиққанман. Масалан, Ўзбекистоннинг тайёр заргарлик буюмига бўлган эҳтиёжи 15 тонна бўлган. Мен 2010 йилда мамлакатда қанча оила қурилгани ҳақидаги маълумотларни олдим. Сўнг иккита никоҳ узуги оғирлиги ўртача 6 грамм (4 грамм аёллар узуги, 2 грамм эркаклар узуги) бўлишини инобатга олиб, уни никоҳлар сонига кўпайтиргандим 200 тонна чиқди. Кейин Давлат божхона қўмитаси раиси Садирхон Носировнинг (таҳр. 2006-2011 йилларда ДБҚ раиси) олдига бориб, 2010 йилда Ўзбекистонга қанча олтин импорт қилингани ҳақида маълумот олдим. Биласизларми, мен “шок”ка тушдим: 127 грамм, ҳа, ҳа грамм. Килограмм эмас. Йилига 15 тонна олтин Ўзбекистонга қаердан келяпти? Тушуняпсизми, бу 100 фоизлик контрабанда дегани. Ўзбекистон олтин қазиб олувчи мамлакат, бизда Менделев даврий жадвалидаги барча элементлар бор. Бизда одамлар 15 тонна сифатсиз маҳсулотни контрабанда йўли билан икки баравар қиммат нархга олиб келган. Буларни кўрганимда ҳайратда қолдим”, деб иддао қилди Аҳмед Алиев.
Ўзбекистонда заргарлик билан шуғулланувчи ҳунармандлар жуда кўп. Мамлакатда кўп йиллар давомида айнан ўша заргарлар ясаган тилла буюмлар аҳоли талабини қондириб келган. Бундан ташқари, давлат хориждан келаётганларга ўзи билан маълум миқдорда тилла олиб кириш ҳуқуқини берган. Ўзбекистонга кирган олтиннинг 100 фоизи контрабанда маҳсулот бўлганига ишониш қийин. Йилига бир неча миллион ўзбекистонлик хорижга чиқишини ҳисобга олсак, улар ўзи билан олиб келган олтинлар оз миқдорни ташкил қилмайди. Ўзбеклар азалдан олтинсевар халқ бўлган. Муомаладаги қимматбаҳо металлнинг салмоқли қисми ҳам аҳоли қўлидаги тиллага тўғри келган, дейиш мумкин. Баъзилар анъана тарзда никоҳларда оила узугидан, яъни ота-боболардан қолган меросдан фойдаланган.
Заргарнинг сўзларига кўра, у ёзган концепция ҳибсга олинишига туртки бўлган. Негаки у соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш йўлларини ҳам ишлаб чиққан. Ажабо тадбиркор ўз концепциясида ўзбеклар характерини, уларнинг тилла билан муомала қилишда шаклланган маданиятини ҳам ҳисобга олганмикин. Заргарлик билан шуғулланувчи миллий ҳунармандлар тайёрлаётган заргарлик буюмларининг истеъмолга чиқарилган умумий тилла буюмларидаги улушиничи?
“Мен мана шу 15 тонна олтин ортида ким тургани, ундан ким манфаатли эканини билмасдим. Ёдингизда бўлса, заргарлик дўконларини ёпиш, мулкларни мусодара қилиш бошланди. Фақатгина “Gold Centre” текширилмади. Бу воқеалар ортидан “буларнинг ҳаммасини Алиев буюртма берган”, деган миш-мишлар тарқалди. Мен кимманки, МХХ, Бош прокуратура, ИИВга буюртма берсам. Кейин билдимки, қармоқ анча аввал ва жуда устаомонлик билан ташланган экан”, деб ўз фикрини илгари сурди Алиев.
Тадбиркор ўзининг заргарлик бизнеси қандай қилиб қўлидан кетгани ҳақида гапириб, компанияси “Gold Centre” мажмуасини қуриш учун банкдан 5 млрд сўм кредит олганини маълум қилди. Ўша вақтда йиллик қайта молиялаш ставкаси 23 фоиз бўлган. Алиевга тегишли “Aliyev Zargari” компанияси “Gold Centre”ни “Kapitalbank”га тегишли ва Мақсуд Абдусаматов шахсидаги лизинг компаниясига 5 млрд сўмга сотган. Банкдан олган кредитини эса 2,5 йил давомида белгиланган тартибда тўлаб борган. Алиевннинг иддаосича, бироз вақт ўтиб, ўртадаги шартномани бузишга уриниш бошланган.
“Улар келишувни бузишга урина бошлади. Банк кредит бераётганда биринчи навбатда мижоз уни тўлай олишига эътибор қаратади. Мен 100 фоиз тўлай олардим. Уларга ижара шартномаларини кўрсатдим. Менда ҳатто фойда ҳам қолаётганди. Аммо менда “форс мажор” юз берди. Мен Мақсуд Абдусаматов, лизинг компанияси директори, уларнинг юристлари билан учрашдим. Ўша йили “Тадбиркорлар йили” эди. Уларга “фоизларни пасайтиринг демайман. Мени 2,5 йилим бор шунга кредитни тўлаш жадвалини ўзгартириб беринглар” дедим. Бу жуда содда жараён эди”, дейди Алиев.
Унинг сўзларига кўра, шундан сўнг лизинг компанияси судга мурожаат қилган. Суд эса шартномани бекор қилиш тўғрисида қарор чиқарган. Шундан сўнг, “Kapitalbank”дан ранжиган тадбиркор бошқа банклардан унинг кредитларини сотиб олишни сўраб мурожаат қилган. Бироқ бунинг уддасидан чиқмаган. Чунки, Алиевнинг айтишича, Марказий банкнинг ўша вақтдаги раиси Файзулло Муллажоновнинг ўринбосари банк раисларига Алиевга рад жавобини беришни тайинлаган. Охир-оқибат Алиевнинг кредитларини сотиб олишга рози бўлган “Agrobank” ҳам сўнгги онда кредит беришдан бош тортган.
Ривожланган давлатларда ҳам берган пулини ундириш банкнинг асосий мақсади ҳисобланади. Банк мижози унинг кредитини тўлай олмаслигига ишонч ҳосил қилса, гаровдаги мулк билан ўз зарарини қоплашга ҳаракат қилади. Бу амалиёт йиллар давомида синовдан ўтган. Шундай экан, Алиевга кредит берган банк нега ўз маблағларини хавфга қўйиши керак. Яна бир нарса, бирор тадбиркорнинг “синаётгани”ни кўрган унча-мунча банк унга кредит бермайди, ўзини олиб қочади. Негаки, пулларнинг қайтиш эҳтимоли паст бўлади. Бу ўринда Марказий банк амалдори ёки бошқа бирор тижорат банкини айблаш қанчалик тўғри бўлади?
“Мен кредитни ёпиш учун 6 млрд сўм топдим. Дўстларим менга ёрдам беришди. Аммо менга пулларни тўлашга қўйишмади. Менда кредитни тўлиқ ёпиш учун ҳали 2,5 йил бор эди. Аммо мен кредит масаласини тўла ҳал қилишни истаётгандим. Улар мен билан ўйин ўйнади. Мени мушукча каби бурчакка сиқиштиришди. Ҳамма йўлларимни тўсишди. Бунга исботим бор. Улар менга “муаммони ҳал қиламиз, ўрганяпмиз. Ҳозирча бино қўриқчилари биз билан ҳамкорлик қилсин” деб, тилла сақланадиган бункерга бурун суқа бошлади. Улар қандай асосда тилла бункерини қўлга олади?”, дейди тадбиркор.
Аҳмед Алиевнинг сўзларига кўра, кредиторлар унинг бизнесига, умумий қиймати 23 млрд сўмга тенг “Gold Centre” савдо мажмуаси ва ундаги мол-мулкига кўз тиккан. Шунингдек, бу ишларнинг бари 23 млрд сўмлик мулк учун эмас, Алиев ишлаб чиққан заргарликни ривожлантириш концепцияси ва унда кўрсатилган рақамлар, яъни, ўзи йўқ тахминий даромадда бўлган. Гўёки, баъзиларнинг ўша рақамларни кўриб иштахаси очилиб кетган. Унга ўзи қурган “Gold Centre”да 5 минг доллар ойликка ишлаш ва бир неча фоизини ўзида сақлаб қолиш ҳамда ўзи ишлаб чиққан концепция фойдасидан ҳисса бериш таклиф қилинган. Алиев бунга рози бўлмаган.
Аҳмед Алиев қўлга олиниши, унгача бўлган музокаралар ва музокарачи ҳақидаги ҳикоясини ҳам сўзлаб берди.
“Мен билан музокара олиб борган одам ким эди? У Мақсуд Абдусаматовнинг Раҳим Мамажонов исмли одами эди. У билан суҳбатимиз давомида, менга Миллий хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов номидан гапирганди. У менга душман эмаслигини айтиб, кўплаб фамилияларни санади ва уларнинг таклифини қабул қилишимни тавсия қилди. Рад қилиш ахмоқлик бўлишини айтди”, дейди Алиев.
Таъкидланишича, кейинчалик тергов давомида Раҳим Мамажонов Алиев қўлини чўнтагига тиқиб, қурол олмоқчи бўлган деб, кўрсатма берган. Аммо қуролни ҳеч ким кўрмаган ва у кейин ҳам топилмаган. Бироқ, Алиевнинг иддаосида савол туғдирадиган бир жиҳат бор. Тадбиркор қандай фактларга асосан Раҳим Мамажоновни Мақсуд Абдусаматовнинг одами деб айтяпти? Бу маълумот кишини бироз шубҳалантириши турган гап.
Алиев шундан сўнг Раҳим Мамажоновдан Ўзбекистонда давлат тўнтариши тайёрланаётганини эшитгани ва аввалбошида бунга ишонмагани, шунчаки, дўқ-пўписа деб ўйлагани ҳақида сўзлаб берди.
“Мен дастлаб ишонмадим. Шунчаки қўрқитишяпти деб, ўйладим. Ундан менга шундай нарсани айтишга қўрқмайсанми деб сўрагандим “Аҳмед Маҳмудович менга тўғридан-тўғри шундай дейишни буюришган экан, демак қўрқишмайди”, деб жавоб берди. Мен буни Бош вазир Шавкат Мирзиёевга етказишимни айтдим. Аммо ҳамон бунга ишонмасдим”, деди Аҳмед Алиев.
У МХХдан бўлган кураторига боғланишга ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиқолмай, унинг ўзини кўчада кўриб қолганида тўнтариш ҳақидаги гапларга ишона бошлаган. Негаки куратор у билан гаплашишни истамаган ва унга Алиев билан алоқага чиқмасик буюрилганини айтган.
“Мен ўзимнинг италиялик ҳамкорларим билан учрашиш учун кетаётгандим. Учрашув Олма-отада бўлиши керак эди. Аммо мен унга “Олма-отада эмас, Чимкентта учрашайлик, мени бу ерда муаммоларим бор. Одамларим сени кутиб олади. Чимкентта учрашамиз ва мен Тошкентга қайтаман”, дедим. Чимкентга кетаётганимда мени ҳибсга олишди ва МХХ тергов изоляторига қамашди. У ерда мен биринчи навбатда давлат даражасига молик ахборотим борлигини шу сабабдан раҳбарият билан учрашишим кераклигини айтдим. 4 кундан кейин мени қабул қилишди. Мен билан сурбет, камида полковник бир одам учрашди. Киришим билан менда давлат даражасида муҳим ахборот борлигини айтдим. Қизиғи ҳали бирор исмни тилга олмасимдан у менга сўкиб, “ҳа, озар нега Раҳимни гапига қулоқ солмадинг. Қулоқ солганингда бу аҳволда бўлмасдинг. Сен худодан мени ўлиб кетишимни сўра”, деди. Мен ҳам сўрайман деб, жавоб қайтардим. У эса мени “Жаслиқ”қа тиқиши ва у ерда мени ўлдиришини айтди”, дейди Алиев.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, эртаси куни ўша ердаги маҳбуслар уни калтаклаган. Алиевнинг қийнашган, боши ёрилган, бурни ва қовурғалари синган.
“Судда менинг қўриқчи бўлиб ишлаган ходимларимдан бири йиғлаб судья ва прокурор олдида “Аҳмед ака мени кечиринг. Мени қийнашди дош беролмадим. Сизда қурол бўлганини айтдим” деди. Бизда ҳозир судлар, тергов жараёни ва колонияларда бўлган қонунсизликни айтишга вақтимиз етмайди”, дейди Алиев.
Таъкидланишича, судда 9 киши қамалган. Алиев 20 йилга, қолганлар камроқ муддатга. Аммо энг кам жазо 16 йил бўлган.
“Асосий шахс Шуҳрат Ғуломов бўлган. Музокарачининг сўзларига кўра, Ғуломов давлат тўнтаришининг бошида бўлган. Тушунаётган бўлсангиз керак, қамалган юқори мартабали амалдорларнинг бари давлат тўнтаришига алоқадор бўлган. Менга қарши кўплар ёлғон кўрсатма берган. Чунки тергов уларга босим ўтказган. Буларнинг бари тергов ишида кўрсатилган. Буларни исботласа бўлади”, деб таъкидлади Алиев.
Тадбиркор барчасида Шуҳрат Ғуломовни айблаб, унинг ва дўстларининг тергови бўйича алоҳида гуруҳ тузилганини маълум қилди. Гуруҳ МХХ назоратида бўлган, унга Бош прокуратура бўлим бошлиғи бўлган Улуғбек Суннатов, Улуғбек Хуррамов, Азамат Раҳматов ҳам кирган.
“У одамларнинг барчаси, шу жумладан, Бош прокурор Рашид Қодиров қамоқда ўтирибди”, деб Алиев ўз фикрини якунлади.
Ҳа, заргар Аҳмед Алиев 7 йил умрини “Жаслиқ”да ўтказди. Ўзи айтганидек, қамалишига сабабчи бўлганлар ҳозир жазосини ўтаяпти. Шуҳрат Ғуломов давлатга хоинликда айбланиб, умрбодга “кесилди”. Собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров ва унинг шериклари ҳам қамоқда.
Алиев тилга олган шахслар жамоатчилик нигоҳида номи “қора” бўлган ва кўплаб жиноятларнинг иштирокчиси сифатида шаклланган. Шундай экан, Аҳмед Алиев уларни эслаб, янада қоралаб, нимага эришмоқчи? Ёки “Жаслиқ”даги етти йилнинг аламини олиш учун “қурбон” қидиряптими?
Агар унга нисбатан ноҳақлик қилинган, деб ҳисобласа, судга мурожаат қилиб, ҳуқуқларини тиклаши мумкин. Суд унга тухмат қилганларга тегишли жазо тайинлайди. Жамоатчилик унута бошлаган кишиларни яна кун тартибига чиқаришга не ҳожат?
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь