Алиев кетиши биланоқ Пашинян Туркияга борди (видео)
Олам
−
20 Июнь 5710 3 дақиқа
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бўлган самолёт бугун, 20 июнь куни эрталаб Истанбул халқаро аэропортига қўнди. Бу ҳақда Арманистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
У ерда уни Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Беррис Экинжи кутиб олди. Бош вазир кундузи маҳаллий арман жамияти вакиллари билан учрашди, кечқурун эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашади.
Арманистон делегацияси таркибида Пашиняндан ташқари 12 киши бор. Хусусан, Бош вазирга Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ваан Костанян ва парламент вице-спикери, Ереван ва Анқара муносабатларини нормаллаштириш бўйича махсус вакил Рубен Рубинян ҳамроҳлик қилмоқда.
Аввалроқ Арманистон Миллий Ассамблеяси раиси Ален Симонян Пашинян Туркияга Эрдўғаннинг таклифига биноан боришини маълум қилганди. У бўлажак ташрифни “тарихий” деб атаганди.
Умумий чегарага қарамай, Туркия ва Арманистон ўртасида дипломатик алоқалар йўқ. 2009 йилда Цюрихда икки давлат Ташқи ишлар вазирлари дипломатик муносабатлар ўрнатиш бўйича протоколларни имзолаган, бироқ ҳужжатлар ратификация қилинмаган. 2018 йилнинг март ойида Ереван уларнинг бекор қилинганини таъкидлади. Бу Қорабоғдаги можаро, Арманистоннинг 1915 йилда арманлар қирғинини халқаро миқёсда геноцид сифатида тан олишга интилиши ва чегара бўйича келишмовчиликлар туфайли барҳам топди.
2023 йилнинг июнь ойида Пашинян Туркияга ташриф буюриб, Президент Эрдўғаннинг инаугурация маросимида иштирок этган эди.
2025 йилнинг июнь ойи бошида Пашинян ва Эрдўған телефон орқали мулоқот қилган. Сиёсатчилар икки томонлама муносабатлар ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиб, мулоқотни давом эттиришга келишиб олган эди.
Икки давлат позицияларининг яқинлашуви Пашиняннинг кенг кўламли ён беришлари билан бошланди. Қорабоғнинг Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олиниши, қўшниларга нисбатан ҳудудий даъволардан воз кечилиши, геноцид масаласининг кун тартибидан чиқарилиши Арманистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш ва чегараларни очиш йўлида бошқа ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини англатади. Аммо Анқаранинг олд шарти бор: аввало Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши керак ва бу музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.
Арман дипломатиясининг вазифаси энди бу икки жараённи бир-биридан ажратиб олишдир. Пашиняннинг Эрдўған билан учрашуви натижалари Туркиянинг бунга тайёр ёки тайёр эмаслигини кўрсатади.
Арманистон ҳукумати Озарбайжон ва Туркия билан сулҳ тузиб, ўзаро даъволардан воз кечмоқчи. Бунинг учун у муносабатлардаги айрим омилларни бартараф этишга ҳаракат қиляпти. Масалан, Пашинян Арарат тоғини республика рамзи сифатида рад этди, чунки у Туркия ҳудудида жойлашган. Яна бир рамзий қадам Ереваннинг Фаластин маъмуриятини суверен давлат сифатида тан олиши бўлди – Эрдўғаннинг илтимосига кўра.
Арманистон тезкор ярашув бутун Жанубий Кавказ ва унинг қўшниларига моддий манфаат келтиришини ваъда қиляпти. Пашинян минтақадаги барча давлатлар ўртасида чегараларни очиб, иқтисодий тўсиқларни олиб ташламоқчи. У Арманистонни Озарбайжон, Грузия, Эрон ва Туркия билан боғлайдиган йўллар, газ қувурлари, кабеллар ва электр узатиш линиялари билан “дунёнинг чорраҳаси” деб билади. Режа Қора денгиз ва Форс кўрфази ўртасидаги энг қисқа йўлни ва Каспий ва Мармара денгизлари орасидаги энг қисқа йўлни ваъда қилади.
Арманистон ташқи сиёсатининг асосларини рад этиш, Қорабоғни Озарбайжон деб тан олиш ва мавжуд чегараларни қабул қилиш Ереван ва Анқара ўртасида туб фарқлар қолмаслиги учун етарли. Ва шунга қарамай, Эрдўған ҳукумати Арманистон биринчи навбатда Озарбайжон билан тинчлик шартномаси тузиши кераклигини, шундан кейингина нормаллашув ҳақида гапириши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган. Ва Ереван ва Баку ўртасида чуқур қарама-қаршиликлар мавжуд.
Live
Барчаси