Алиев “катта оға”нинг ёнига келди. Путин Озарбайжонда рус тилига бўлган ҳурмат учун раҳмат айтди

Олам

image

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашиш мақсадида Москвага келди. Алиев Кремль саройида қабул қилинди. 

Қайд этилишича, учрашув коронавирусга қарши чекловлар остида ўтган. Раҳбарлар ижтимоий масофани сақлаб, овал столнинг узун қисмининг қарама-қарши томонларида ўтириб, суҳбат қурган. 

"Афсуски, пандемия нормал мулоқот қилиш ва учрашишимизга имкон бермаяпти", дейди Путин кулиб, Алиев билан саломлашаркан. 

Путин яқинда Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан музокараларда ҳам худди шундай бир неча метрлик эпидемиологик масофада ўтирганини эслаган. 

Давлат раҳбарлари Қоробоғдаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. 

“Тоғли Қорабоғдаги вазият қониқарли, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида маълум келишувлар мавжуд, бироқ қатор муаммолар сақланиб қолмоқда”, дейди Путин.

Умуман олганда, Россия Президенти Қорабоғ можаросини ҳали тўлиқ ҳал этилмаган бўлса-да, ҳал қилинган деб баҳолаган. 

“Ўйлайманки, ҳали ҳам юзага келаётган муаммоларга қарамай, биз ҳозирги мавжуд даражага етганимиздан мамнунмиз. Нафақат у ерда яшовчи барча аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, балки савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, транспорт коммуникацияларини блокдан чиқариш бўйича ҳам муайян келишувлар мавжуд.  Биламан, ҳали низолар бор, қилиниши керак бўлган ишлар бор, лекин биз ўз томонимиздан бу жараён тинч йўл билан ўтиши учун ҳамма нарсани қиламиз ва бу жараёнда иштирок этаётган барча томонларнинг розилигига интиламиз”, дейди Путин. 

Унинг таъкидлашича, Россия ҳам, Озарбайжоннинг бошқа қўшни давлатлари ҳам муаммолар, жумладан, транспорт коммуникациялари ечимидан манфаатдор. Бу манфаатдорлик нафақат Баку, балки Ереванга ҳам тегишли. 

Путин, учрашув давомида Президент Алиевга Озарбайжонда рус тилига қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирган. 

"Биз ва Озарбайжон учун нозик гуманитар масалаларни ҳал қилганингиз, биринчи навбатда Озарбайжондаги 300 та мактабда рус тилини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаганингиз учун сиздан миннатдормиз. Биламан, рус тили фаол ўрганилмоқда ва оммабоп. Биз буни келажакда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз”, дейди у.

Президентлар Путин ва Алиев ўртасидаги мулоқот тахминан тўрт соат давом этган. 

Сўнг, давлат раҳбарлари, бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича иттифоқчилик ҳамкорлиги тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. 

Путинга кўра, ҳужжат “икки томонлама муносабатлардаги муҳим воқеа – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига” бағишланган. Путин декларациянинг имзоланишини Россия-Озарбайжон муносабатлари ривожланишидаги янги босқич деб атади. 

Озарбайжон Президенти эса, мазкур ҳужжат икки давлат, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги, шунингдек, минтақавий хавфсизлик учун “албатта жуда ижобий маънога эга бўлишини” таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

319

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг