Алишер Усмонов журналист устидан Германия прокуратурасига ариза берди
Олам
−
12 Октябрь
4490Миллиардер Алишер Усмонов допингга қарши суриштирувлар билан танилган ARD телеканалининг журналисти Хайо Зеппельтни туҳмат ва бўҳтонда айблаб, 8 октябрь куни Кёльн прокуратурасига ариза топширди. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.
Аввалроқ, “Олимпиададаги шубҳали ҳакамлар – қиличбозлик мусобақаларида 5 минг евро миқдорида пора” номли репортажда Зеппельт Усмоновни пора бериш ва ҳакамларнинг қарорларига таъсир қилишда айблаган эди. Бироқ Усмонов бу бўйича Гамбург судига мурожаат қилиб, ғалаба қозонган. Журналистнинг даъволари шахсий ҳуқуқларни бузувчи, гумонларга асосланган номақбул баёнотлар деб топилган ва тақиқлаб қўйилган.
Суднинг бу қарори WDR телерадио компаниясига ҳам тегишли бўлган ва репортаж уларнинг ҳам ресурсларидан ўчириб ташланган. Нашрга кўра, Усмонов буларга қаноатланмаяпти ва у Зеппельтга қарши жиноят иши қўзғатишни талаб қилмоқда.
“Жаноб Зеппельт ва “ARD Sportschau” нафақат асосий журналистика тамойилларини ва матбуот кодексини бузди, балки бу ғаразли ҳамда пасткаш туҳматлар жиноий жавобгарликка ҳам лойиқ. Унда ҳеч қандай далиллар бўлмаган. Бу журналистика эмас, шармандалик”, дейди Усмоновнинг адвокати.
Нашрга кўра, Кёльн прокуратурасига ариза келиб тушгани ҳозирча тасдиқланмаган. Прокуратура вакили Улрих Бремернинг билдиришича, ариза келиб тушгандан сўнг, унда қонунга хилоф ҳаракатлар бор-йўқлиги текширилади ва агар асосли деб топилса, суриштирув бошланади. Зеппельтнинг ўзи эса Усмоновнинг аризаси ҳақида ҳеч нарса билмаслигини ва тегишли органлардан ҳеч қандай маълумот олмаганини маълум қилган.
Маълумот учун, Усмонов 2008 йилдан буён Халқаро қиличбозлик федерациясини бошқариб келарди, лекин у 2022 йилнинг 1 мартида федерация президенти лавозимидан вақтинча четлаштирилди. Бунга Европа Иттифоқи Алишер Усмоновни Украинадаги беқарорликка масъул россияликларни қўллаб-қувватлашда айблагани ва унга нисбатан санкция жорий этгани сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов 2024 йилнинг 7 июнь куни Франкфурт-Майн минтақавий судига UBS Europe SE (собиқ UBS Deutschland AG) банкига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган эди.
LiveБарчаси