Ўзбекларнинг мадраса ва масжидлари хитойликлар томонидан таъмирланди
Жамият
−
09 Январь 2020
8018Туризм намойиш объектлари хитойликлар томонидан реставрация қилинди. Бу ҳақда Хоразм вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Хитойнинг “Chinese academy of Cultural heritage” ташкилоти томонидан Хива шаҳар “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасида жойлашган “Амир Тўра” мадрасаси, “Ҳасан Мурод қушбеги” масжиди ва “Заргарлар” кўчасининг 500 метр ичкари йўлакида 9,5 млн АҚШ доллари инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши ҳисобига реконструкция ва кайта таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
“Ичан-қалъа” мажмуасининг шимолий қисмида, аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда “Амир Тўра” мадрасаси жойлашган. Ушбу мадраса 1870 йил Амир Тўранинг акаси Муҳаммад Раҳимхон II (1863- 1910) томонидан қурилган.
Мадрасанинг асосий олд қисми саккиз қиррали токча ҳамда икки қаватли қанот аркли баланд портал кўринишида бўлиб, олд қисмининг қолган баланд деворлари ҳам икки қаватлилик кўринишини ифода этади.
“Ҳасан Мурод қушбеги” масжиди XVIII аср охири XIX бошларида Боғча дарвоза яқинида қурилган. Мазкур масжид ака-укалар Хасан Мурод қушбеги билан биргаликда Ниёз оталиқ томонидан маҳалла ичида бунёд қилинган. Масжидда бир устунли ёзги айвон ва гумбаз билан бостирилган қишқи масжид бор. Эшиклари исломий нақшлар билан безатилган.