Алиментдан қарздорларнинг никоҳ тузиш ва яна баъзи ҳуқуқлари чекланади

Жамият

image

Ўзбекистонда эндиликда алиментдан қарздорларнинг транспорт воситасини бошқариш ва никоҳ тузиш ҳуқуқи чеклаб қўйилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган. 

Фармонга мувофиқ, алимент тўловчининг бошқа ижро ҳужжатлари бўйича мажбуриятлари мавжуд бўлганда, қарздордан ундирилган маблағлар алимент тўловлари бўйича қарздорлик тўлиқ қоплангандан сўнг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва навбатда тақсимланади. Худди шу каби, ижро ҳаракатлари давомида қарздорга солинган жарималар ва ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари ҳам алимент тўловларидан жорий қарздорлик тўлиқ қоплангандан сўнг ундирилади.

Бундан ташқари, алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келаётган ва қидирувга эълон қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотларни мажбурий ижро органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштириш, шунингдек, давлат оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш амалиёти жорий этилади. Бунда ушбу манбаларда қидирувдаги шахслар ва уларнинг мол-мулки тўғрисида маълумотга эга бўлган фуқароларга мажбурий ижро ва ички ишлар органларига хабар бериш имконияти яратилади.

Фармон билан Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага уч ой муддатда алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш юзасидан қонун лойиҳасини белгиланган тартибда киритиш вазифаси юкланган. Бунда, шу жумладан, қуйидагилар назарда тутилади.

Алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда қарздорлик тўлиқ бартараф этилгунига қадар:

•  қарздорнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чекланади;
•  қарздорга лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга бўлган давлат хизматлари вақтинча кўрсатилмайди.

Шунингдек, алимент бўйича қарздорлик мавжудлигини никоҳ тузиш учун монелик қиладиган ҳолат сифатида белгиланади.

Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади ва унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилади.

Суд қарори билан эса алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси маблағлари алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бир йўла тўлаш учун йўналтирилади ҳамда кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олинади.

Ҳужжатда Бош прокуратура (Н.Т. Йўлдошев) ва Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) икки ой муддатда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини йўлга қўйиш, жамғарма маблағлари ҳисобидан алимент тўловларидан қарздорлик тўланадиган ҳолатлар ва шахслар тоифасини белгилаш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

150

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг