Алессандро Неста Холандни тўхтатишнинг йўлини айтди
Спорт
−
08 Октябрь 2022
4731Италия терма жамоаси ва “Милан” клубининг собиқ ҳимоячиси афсонавий Алессандро Неста Роналдо Назарио билан бўлган тажрибаси туфайли Эрлинг Холандни ҳам тўхтата олиши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Нестанинг сўзларига таяниб, “Goal” нашри хабар берди.
Холанд шу ёзда “Манчестер Сити”га қўшилганидан бери Англия Премьер лигасидаги аксарият жамоаларнинг ҳимоясини парчалаб ташлади. Норвегиялик футболчи атиги саккизта ўйинда учта хет-трик қайд этган. Бу лига тарихидаги энг тезкор натижа ҳисобланади. Неста эса Эрлингни Роналдо Назариога қарши ўйинларда орттирган тажрибаси туфайли тўхтата олишига ишонмоқда.
“Ҳа, мен Эрлинг Холандга қарши ўйнай оламан. Чунки мен бразилиялик Роналдога қарши ўйнаганман. Холанд жуда яхши ҳужумчи, аммо Роналдо умуман бошқа дунё эди. Мен Мессига қарши, Криштиану Роналдуга қарши ўйнаганман. Бироқ ҳеч қайси Роналдога тенг келолмайди. У мен учун бутунлай бошқача футболчи эди”, деган италиялик собиқ ҳимоячи.
Алессандро Неста Холандни тўхтатиб қолиш учун ҳимоячиларга маслаҳат берар экан, унга умуман бўш ҳудуд қолдириб, бўлмаслигини айтиб ўтган.
“Мен Холандга иложи борича яқин бўлишга ҳаракат қилардим. У югуришни бошлаганида, мен унинг йўлини тўсиб қўйган бўлардим! Эрлингга жуда кўп бўшлиқ қолдирсанг, сен аниқ “ўласан”, деган “Милан”нинг собиқ футболчиси.
Қайд этиш керакки, Алессандро Неста барча даврларнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири ҳисобланади. У 1993 йилдан 2002 йилгача “Лацио” шарфини ҳимоя қилган. Шундан сўнг, Неста фаолиятни ўша пайтларда дунёнинг энг кучли жамоаси бўлмиш “Милан”да давом эттирган. У билан тўқнаш келган ҳужумчиларга ҳеч қачон осон бўлмаган.
Маълумот учун, жорий мавсум Эрлинг Холанд “Сити” сафида 12 та учрашувда майдонга тушиб, 19 та гол урди. “Тransfermarkt” портали норвегиялик ҳужумчини 150 миллион еврога баҳоламоқда.
LiveБарчаси