Албаниянинг собиқ президенти ҳибсга олинди
Олам
−
22 Октябрь
2280Албаниянинг собиқ президенти Илир Мета коррупция бўйича тергов доирасида қўлга олинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
2017-2022 йилларда президент бўлган ва ҳозирда мухолифатдаги “Озодлик” партиясини бошқараётган 55 ёшли Метани қўшни Косоводан пойтахт Тиранага қайтаётганида, қора ниқобли полициячилар унинг машинасини тўхтатиб қолган. Полиция уни куч билан олиб кетиши кераклигини айтган. Маҳаллий ОАВга кўра, Мета коррупция, пул ювиш ва мулкни яширишда айбланмоқда. Энг дастлабки айбловлар амалдорнинг 2010-2011 йилларда иқтисодиёт вазири бўлган даврига тўғри келади.
Собиқ президентнинг матбуот котиби Теди Блуши Метанинг қўлга олинишини “жиноий одам ўғирлаш” деб атаган, сиёсатчининг адвокати эса унинг мижози барча айбловларни рад этаётганини айтган.
“Адвокат бошқа тафсилотларни келтирмади, бироқ айбловлар коррупцияга алоқадорлигини тасдиқлади”, деб ёзган “Reuters”.
Метанинг собиқ рафиқаси Моника Крюемази Facebook'да унга ўхшаш сохта айбловлар қўйилгани ва полицияга мунтазам равишда хабар бериб туриш буюрилганини айтган.
Мета президентликкача бош вазир, ташқи ишлар вазири ва парламент спикери лавозимларида ишлаган. Европанинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлган Албания сиёсати 1990 йиллар бошида коммунизм қулаганидан бери беқарорлик ва найрангбозлик билан қораланган. Бу унинг Европа Иттифоқига қўшилиш мақсадига тўсқинлик қилмоқда.
LiveБарчаси