“Ал-Қоида” БМТнинг беш нафар ходимини ўғирлаб кетди
Олам
−
13 Февраль 2022
11204Яманнинг жанубида “Ал-Қоида” гуруҳининг аъзолари экани гумон қилинган жангарилар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) беш нафар ходимини ўғирлаб кетишди. Бу ҳақда “Associated Press” Яман расмийларига таяниб, хабар берди.
Маълумотларга кўра, БМТ ходимлари жорий йилнинг 11 февраль куни Абян вилоятида қўлга олинган ва номаълум жойга олиб кетилган. Ўғирлаб кетилганларнинг тўрт нафари яманлик ва бир нафари хорижликдир.
“Биз бу ҳолатдан хабардормиз, аммо маълум сабабларга кўра изоҳ бермаймиз”, дея БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг сўзларини келтиради нашр.
Расмийлар БМТ Хавфсизлик департаменти ходимлари номаълум қуролли шахслар томонидан ўғирланганини тасдиқлаган. Яман қабилалари вакилларининг қўшимча қилишича, ўғирлаганлар тўлов ва халқаро тан олинган ҳукумат қўл остидаги экстремистларнинг бир қисмини озод қилишни талаб қилган ва улар билан музокаралар олиб борилган.
"Yemen Press Agency" маълумотларига кўра, номаълум жангарилар БМТнинг олти нафар ходимини ўғирлаб кетган, улардан бири болгар ва беш нафари яманлик. Агентликнинг қўшимча қилишича, улар БАА томонидан қўллаб-қувватланадиган Жанубий ўтиш кенгаши (STC) томонидан назорат қилинадиган Абян шаҳридаги Мудиа ал-Хадира йўлида номаълум қуролли шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.
Ал-Қоида Арабистон ярим оролида (АҚАП) Яман давлати ҳудудига жойлашган. Гуруҳ жангарилари 2014 йилдан бери давом этаётган шиаларнинг “Ансоруллоҳ” ҳаракатининг ҳутий исёнчилари ва ҳукумат кучлари ўртасидаги қуролли тўқнашувда иштирок этган. 2020 йилда АҚШ ҳарбийлари ташкилот раҳбари Қосим ал-Раимийни йўқ қилиш мақсадида гуруҳга қарши зарба берди. Февраль ойида Оқ уй унинг ўлимини тасдиқлади.
LiveБарчаси