Ал-Ақсода фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув бўлди

Олам

image


Бугун, 5 май куни Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” телеканали хабар берган

Қайд этилишича, тўқнашувларга бир гуруҳ яҳудий кўчманчиларнинг Ислом зиёратгоҳи ҳудудига келиши сабаб бўлган.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун махсус мосламалардан фойдаланган. Бунинг ортидан камида 12 араб резина ўқлардан, ўнлаб одамлар эса кўзни ёшлантирувчи гранаталардан жароҳатланган.

Рамаллоҳдаги Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги Исроил хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини қоралаган ва Муқаддас тоғдаги зўравонликларнинг кучайиши учун жавобгарликни мамлакат Бош вазири Нафтали Беннетга юклаган.

Ўз навбатида, Қуддус ишлари бўйича вазир Фади Ҳадми “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида Исроил расмийларини Ал-Ақсони казармага айлантиришга уринаётганликда айблаган.

“Бу қабул қилиб бўлмайдиган иш ва масжид мақомига зид. Исроил расмийлари бутун Ислом оламига қарши чиқмоқда”, дейди Ҳадми.

Шунингдек, вазир халқаро ҳамжамиятни "янги қарама-қаршиликларга олиб келадиган Исроил провокацияларини тўхтатишга" чақирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берди. Бунга Исроил полициясининг муқаддас зиёратгоҳ ҳудудига бостириб кириши сабаб бўлди. Бу ҳолат шундан бери ҳар куни такрорланиб келмоқда.

Ҳозиргача Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиқди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ал-Ақсо атрофидаги ҳодисаларга қаршилик кўрсатишини билдирди.

Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг