Актёр Баҳрулла Раҳимов вафот этди
Маданият-санъат
−
03 Август 2023
11767Кеча, 2 август куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Самарқанд вилоят мусиқа ва драма театрининг етакчи актёри Баҳрулла Раҳимов 64 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Самарқанд вилояти мусиқали драма театрининг олий тоифали драма актёри Баҳрулла Раҳимов 1959 йил 10 апрелида Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманида туғилган.
1976-1980 йилларда Александр Николаевич Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъат институтининг “Драма ва кино актёрлиги” мутахассислигини тамомлаган.
Баҳрулла Раҳимовтеатрдаги 43 йиллик меҳнат фаолияти давомида Зиндонбон ва Дарвеш (“Улуғбек”), Амир Насруллоҳ (“Нодирабегим”), Амир Темур (“Самарқанднома”), Беҳбудий (“Беҳбудий”), Сулайхий (“Имом Бухорий”), Александр Македонский (“Қуёш фарзанди Спитамен”), Аваз (“Бир ўлиб кўрайчи”), Эдип (“Эдип”), Шайхулислом ва Темурнинг арвоҳи (“Мирзо Улуғбек”), Одам ато (“Қобил ила-Ҳобил”), Бобо (“Кўчки”), Граф Глостер (“Қирол Лир”) каби ролларни маҳорат билан ижро этган.
2018 йилда Туркиянинг Коня шаҳрида бўлиб ўтган “Минг нафас бир овоз” Туркий тилларда саҳналаштирилган спектакллар 11- Халқаро театрлар фестивали ҳамда Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Самғау” 6- театрлар фестивалида “Кўчки” спектакли билан иштирок этган. Фестиваллар доирасида ўтказилган маҳорат дарсларида иштирок этиб тегишли сертификат ва дипломларга сазовор бўлган.
Шунингдек, Баҳрулла Рахимов республика ва вилоят миқёсида ўтказиладиган “Шарқ тароналари”, “Мустақиллик”, “Наврўз” ва шу каби тадбирларнинг ҳам фаол иштироқчиси ҳам эди.