Акмал Саидов кимларнинг хатоси Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига путур етказишини айтди
Жамият
−
24 Декабрь 2020
13885Ҳозирги вазиятда оддий терговчи ёки прокурорнинг хатоси Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тутган обрўсига путур етказиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари – Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори Акмал Саидов Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг январь ойида парламентга йўллаган Мурожаатномасидаги топшириқлар ижроси бўйича берган интервьюсида айтиб ўтди.
Нотиқ Саидовга кўра, Ўзбекистон охирги йилларда демократия, қонун устуворлиги, коррупцияни назорат қилиш, сўз эркинлиги ва ҳисобдорлик, жаҳон матбуот эркинлиги каби индексларда ўз ўрнини кўтаришга ҳаракат қила бошлаган. Шу мақсадда Қонунчилик палатаси ва Сенат билан биргаликда рейтингларни кўтариш бўйича республика Кенгаши тузилган. Аммо, барча саъй-ҳаракатларни оддий терговчи ёки прокурорнинг хатти-ҳаракати йўққа чиқариши мумкин.
“Ҳозирги кунда оддий терговчи, оддий прокурорнинг хатоси Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига путур етказиши мумкин. Шунинг учун рейтингларни кўтаришда парламент назоратини амалга оширамизки, ҳар бир вазирлик ва идора ўз соҳасига жавоб берсин”, дейди Акмал Саидов.
Президент Мирзиёев парламентга йўллаган Мурожаатномасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш кераклигига тўхталганди. Саидовга кўра, берилган топшириқларнинг барчаси бажарилган.
“Халқаро мажбуриятларимизга қаратилган яна бир иш – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда бажариш бўйича парламент назоратини амалга ошириш. Биз 2015 йилда Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшилганмиз. Ўзбекистон Ҳукумати Барқарор ривожланишнинг 16 та мақсади бўйича Миллий индекаторларни, кўрсаткичларни белгилаб олган. 16 та йўналишнинг ҳаммаси парламентнинг фаолиятига тегишли.
Биз икки палата раислари бошчилигида Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича парламент комиссиясини туздик. Уч ойда икки марта ушбу комиссия мажлисини ўтказдик ва иккита палатанинг тегишли қўмиталари ўз йўналишида тегишли вазирликларнинг ҳисоботларини эшитишяпти”, дейди Акмал Саидов.
Ўзбекистонда жорий йилнинг январь ойигача камбағаллик ҳақида миқ этилмаган. Гўё ҳаммаси аълодек, гўё Ўзбекистон бадавлат бойлар саройларига тўлган мамлакатдек. Асл вазиятни кўриш учун кўзни каттароқ очиш шарт эмас. Саидов айнан камбағалликни йўқ қилиш бўйича давлат раҳбари белгилаб берган кураш қандай кетаётганига аниқлик киритди:
“Биринчи мақсад – камбағалликни камайтириш. Биз махсус вазирлик тузидик. Қани, у нима қиляпти? Тегишли иқтисодий қўмиталар Сенатда ҳам, Қонунчилик палатасида ҳам ушбу масалани кўриб чиқиши керак.
2020 йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича 19 та Ҳукумат, давлат ва хўжалик бошқаруви раҳбарларининг ахбороти эшитилди. Қани, БҚРни сизлар қандай бажаряпсизлар деган савол қўйилди”.
LiveБарчаси