Ақтаудаги фожиа: Қозоғистон расмийлари самолёт қулашининг янги тафсилотларини эълон қилди

Олам

image

Грозний шаҳридан захира аэродромига кириб келаётган Embraer-190 ҳаво кемаси ҳақидаги биринчи сигнал соат 10:43 да Ростов зонаси диспетчеридан Оқтобе туман диспетчерлик марказига келиб тушган. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазири Марат Қорабоев брифингда маълум қилди.

“Ростов диспетчери Махачқалъа ва Бакудаги об-ҳаво маълумотлари тақдим этилгандан сўнг, экипаж Ақтау шаҳрига учишга қарор қилганини хабар қилган”, дейди Қорабоев.

Самолётнинг бошқарув тизимлари ва баландлик руллари ишламай қолган. Экипажда йўналишни ва баландликни барқарор ушлаб туриш имконияти бўлмаган. Соат 10:53 да Ростовдаги парвоз раҳбари  Ақтау минорасидаги парвоз раҳбарига йўловчи салонидаги ҳаво кемасида кислород баллони портлагани, йўловчилар ҳушини йўқотгани ҳақида хабар берган. Диспетчер кемани аэродромга қўндириш учун барча зарур ҳаракатларни амалга оширган. Бундан ташқари, учиш-қўниш йўлагини кўришни осонлаштириш мақсадида чироқлар ёқилган. Экипаж Ақтау аэродромидаги учиш-қўниш йўлагига икки марта киришга уринган, аммо кема баландлигининг тартибсиз ўзгариши кузатилиб, у қирғоқ чизиғи томонга оғиб кетган.

Соат 11:28 да экипаж билан алоқа узилган ва самолёт ерга қулаган. Ақтау аэропорти қутқарув хизмати воқеа жойига биринчи бўлиб етиб бориб, дарҳол йўловчиларни эвакуация қилган.

Жабрланганларнинг аҳволи

Аввалроқ, йўловчилар орасида 37 нафар Озарбайжон фуқароси борлиги, улардан 23 нафари ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Қирғизистондан 3 нафар йўловчи бўлган, уларнинг барчаси омон қолган. Россия фуқаролари 16 киши бўлиб, улардан 7 нафари ҳалок бўлган. Қозоғистонлик 6 нафар йўловчиларнинг ҳаммаси вафот этган. Экипаж таркибида 5 киши бўлган, улардан 3 нафари ўлган.

Ҳодиса оқибатида 29 киши, жумладан, уч нафар бола шифохонага ётқизилган.

Жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам

Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Ақмади Сарбасов республика бюджети орқали ҳар бир оилага тегишли тўловлар амалга оширилишини маълум қилган. Боқувчисини йўқотганларга 138 минг тенге, давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан 357 минг тенге миқдорида ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларга 5 миллион тенге миқдорида бир марталик тўлов берилади.

Azerbaijan Airlines эса авиаҳалокатда жабрланганларга 20 минг манатдан, ҳар бир ҳалок бўлганларнинг оилаларига эса 40 минг манат миқдорида товон пули тўлайди. Бундан ташқари, жабрланганлар Озарбайжон Республикаси қонунчилиги ва халқаро амалиётда назарда тутилган суғурта тўловларини олади.

Моҳимбегим Маъруфалиева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ақтаудаги фожиа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар