Ақтаудаги авиаҳалокатнинг якуний хулосаси қачон эълон қилиниши айтилди
Олам
−
19 Февраль 3766 3 дақиқа
Ўтган йилнинг 25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида содир бўлган Embraer самолётининг ҳалокати бўйича якуний ҳисобот шу йилнинг декабригача эълон қилинади. Бу ҳақда бугун, 19 февраль куни Қозоғистон Транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаев ҳукуматдаги брифинг чоғида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, халқаро талаблардан келиб чиқиб, сўнгги натижалар бир йил ичида эълон қилинади.
“Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) талаблари, стандартлари ва тавсия этилган амалиётига кўра, терговга бир йил вақт ажратилган. Шунга кўра, тергов бўйича якуний ҳисобот шу йилнинг декабрига қадар тайёр бўлиши керак”, деган Ластаев.
Унинг сўзларига кўра, ICAO Бош котиби ва Президенти авария бўйича тақдим этилган дастлабки ҳисобот сифатини юқори баҳолаган.
“Авиациядаги стандартлар ва қоидаларни тартибга солувчи асосий ташкилот ICAO ҳисобланади. Яқинда, бир ҳафта олдин Абу-Дабида глобал воқеалар бўлиб ўтди. Улар доирасида ICAO Бош котиби ва Президенти билан учрашувлар бўлиб ўтди. Улар Қозоғистон томонидан эълон қилинган дастлабки ҳисобот даражаси ва сифатини юқори баҳолаб, фактларнинг аниқ тақдим этилиши, маълумотларнинг батафсил ва тўлиқлигини таъкидлади”, деган вазир ўринбосари.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Кейинчалик Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевдан 2 марта кечирим сўраганини маълум қилди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин Озарбайжон Президенти маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.
Live
Барчаси