Ақтауда қулаган самолёт учувчиларининг суҳбати тарқалди. Остона изоҳ бермаяпти
Олам
−
16 Январь
33248Ўтган йилнинг 25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган Embraer 190 самолёти учувчилари ўртасидаги суҳбатларнинг тўлиқ стенограммаси бугун, 15 январь куни рус ОАВлари, хусусан, “Baza“ Telegram каналида эълон қилинди. Қозоғистон Транспорт вазирлиги эса интернетда пайдо бўлган суҳбатлар стенограммасига изоҳ бермаслигини билдирди.
Таъкидланишича, интернет тармоқларида тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга яқин эмас. Шунингдек, вазирлик ўрганиш ишлари ҳали ҳам давом этаётганини билдирган.
“Транспорт вазирлигининг авиаҳалокатларни текшириш комиссияси ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Дастлабки ҳисобот чоп этилгунга қадар комиссия ҳеч қандай расмий манбага эга бўлмаган интернет маълумотларига изоҳ бермайди”, дейилади хабарда.
Қолаверса, махсус комиссия дастлабки ҳисоботни Қозоғистон Республикаси қонунчилиги талабларига ва ICAO 13-иловаси талабларига мувофиқ эълон қилиниши ҳам таъкидлаган.
“Унда тергов жараёни ва тергов натижалари ҳақида аниқ маълумотлар бўлади”, дейилади хабарда.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Кейинчалик Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон етакчисидан 2 марта кечирим сўраганини маълум қилди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.