АҚШнинг музликлар остидаги махфий базаси бўйича айрим сирлар очилди
Олам
−
16 Май 10703 2 дақиқа
XX асрда АҚШ томонидан Гренландия музликлари остида қурилган махфий ҳарбий база – Camp Century ҳақидаги янги маълумотлар маълум бўлди. Бу ҳақдаги тафсилотларни “The Wall Street Journal” нашри эълон қилди.
Нашр маълумотларига кўра, база дастлаб 600 та ўрта масофали баллистик ракеталарни жойлаштириш учун мўлжалланган бўлиб, бутун бошли ҳарбий комплексни ташкил этган. Орадан йиллар ўтиб базанинг усти қор ва муз билан қопланган. Ҳозирда у тахминан 30 метр чуқурликда жойлашган. Нашр илк бор Camp Century базасининг батафсил тузилишини ҳам чоп этди. Унга кўра, комплекс ичида спорт зали, театр, кутубхона, ибодатхона ва бошқа хоналар бўлган.
Шунингдек, база ичида ядровий реактор жойлашган хона мавжуд бўлган, у ерда иссиқлик чиқиндилари ҳам сақланган. Шунингдек, захира қувват манбаи хонаси, ҳаво совуткичлари жойлашган хона, ёқилғи сақланадиган резервуар ҳамда илмий тадқиқотлар учун мўлжалланган махсус хоналар мавжуд бўлган.
Ушбу хоналарни ўзаро боғлаб, юзага олиб чиқувчи узун ерости коридори қурилган. Базага кириш эса паст қор қопламали тепалик орқали амалга оширилган.
Маълумот учун, Camp Century 1959 йилда қурилган ва совуқ уруш даврида Арктикада ядровий қуролларни жойлаштириш имкониятларини синовдан ўтказиш учун ўта махфий тажриба полигони сифатида хизмат қилган. Лойиҳа доирасида Гренландия муз қопламаси остида туннель тизими барпо этилган, бироқ доимий муз ҳаракати сабабли лойиҳа амалга ошмайдиган деб топилиб, ташлаб қўйилган.
Кейинчалик америкалик мутахассислар реакторни демонтаж қилиб, ядро реакцияларини ўрганишга мўлжалланган камерани ўзлари билан олиб кетган. Бироқ минглаб тонна чиқиндилар, жумладан радиоактив материаллар базада қолдирилган. АҚШ уларнинг абадий музликлар остида қолишига умид қилган.
Бироқ глобал исиш оқибатида Гренландиядаги музликлар тезроқ эрий бошлаган. 2016 йилда олиб борилган тадқиқотга кўра, комплекснинг қолдиқлари XXI аср охирига бориб музлик юзасига чиқиши мумкинлиги қайд этилган. Бироқ 2021 йилда ўтказилган янги таҳлилга кўра, олимлар база 2100 йилгача муз остида қолади, деб ҳисобламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA космик агентлиги ходимлари Гренландия оролининг муз қатламлари остида Совуқ уруш даврига оид АҚШнинг ташлаб кетилган ҳарбий мазкур базасини аниқлагани хабар қилинганди.
Live
Барчаси