АҚШнинг Ҳиндистонга 50 фоизлик божлари кучга кирди

Олам

image

Бугун, 27 август кунидан бошлаб АҚШ Ҳиндистондан олиб кириладиган маҳсулотларга 50 фоизлик бож кучга кирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Вашингтон бу чорани Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилаётгани билан изоҳлаган. Томонлар беш босқич музокара ўтказган бўлса-да, натижа бўлмаган. Нашр манбасига кўра, Ҳиндистон ҳукуматида божларнинг тез орада юмшатилишига умид йўқ. Расмийлар экспортчиларга ёрдам беришни ва экспорт оқимларини Хитой, Лотин Америкаси ҳамда Яқин Шарқ бозорларига йўналтиришни режалаштирмоқда. 

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг сўзларига кўра, Москва энергия савдосидан тушган маблағни Украина урушини молиялаштириш учун ишлатмоқда. Қўшимча қилинишича, бу Трамп савдо ҳамкорларига қарши қўллаган энг юқори бож ставкаларидан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, бож барча маҳсулотларга эмас, айрим тоифаларга татбиқ этилмоқда. Масалан, фармацевтика маҳсулотлари ва компьютер чипларига истисно қилинган. Трампнинг айтишича, келажакда бу тоифалар учун ҳам алоҳида бож турлари жорий этилиши мумкин.

Сўнгги уч ҳафта давомида АҚШ Ҳиндистон импортига 25 фоизлик жарима тарифларини қўллаб келаётган эди. Эндиликда улар 50 фоизга етди.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистон Россия нефтининг энг йирик харидорларидан бири бўлиб, Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. 2022 йил февралида уруш бошланганидан буён Ҳиндистоннинг Россиядан нефть импорти 2 фоиздан 36 фоизгача ошган.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, айрим Ғарб мамлакатлари расмий санкцияларни қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, аслида Россия нефтини Ҳиндистон орқали харид қилишни давом эттирмоқда. Бош вазир Наренда Моди эса мамлакат энергия таъминотида мустақилликка эришишни асосий мақсад сифатида кўрсатмоқда.

“The New York Times” нашрининг қайд этишича, бож ставкасининг ошиши АҚШ ва Ҳиндистон иқтисодий алоқаларини заифлаштириши мумкин. Чунки Ҳиндистонда йирик Америка корпорацияларнинг учдан икки қисми фаолият юритади. Бундан ташқари, вазият дунёдаги тўртинчи йирик фонд бозори ҳисобланган Ҳиндистон биржасидаги миллиардлаб хорижий инвестициялар барқарорлигига хавф туғдирмоқда.

Хабар қилинишича, Трамп бож эълон қилинишидан олдин тўрт марта Ҳиндистон Бош вазири Наренда Модига қўнғироқ қилмоқчи бўлган, бироқ Моди суҳбатдан бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Ҳиндистондаги элчихонаси мамлакат Ҳиндистонга нефть сотиб олаётгани учун 5 фоизлик чегирма жорий қилиши ҳақида хабар берганди. Элчихонанинг билдиришича, Ҳиндистон Россиядан тахминан 5 фоизлик чегирма билан нефть олиб келишни бошлаб юборган. Бу чегирма АҚШнинг Россия билан савдо қилгани учун жазолаш мақсадида ҳинд маҳсулотларига 25 фоиз бож солиши мумкинлиги фонида берилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Ҳиндистон нефт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг