АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 119 нафар ўзбекистонлик ортга қайтарилди
Жамият
−
21 Декабрь 2023
7902АҚШга турли йўллар билан борган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди. Бу ҳақда UzReport телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, уларнинг кўпчилиги Мексика орқали Америкага ўтган. Бироқ йўл машаққатларини бошдан кечириб, океан ортига иш излаб борганларнинг ҳаммаси ҳам ўз орзусига эришаётгани йўқ. Жумладан, 2021 йилнинг октябридан 2023 йилнинг октябрига қадар АҚШда чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган 13 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.
Ойига 10 минг-12 минг пул топишни мақсад қилиб йўлга чиққан, афсуски 2 йиллик топган-тутганини сарфлаб ортга қайтган фуқаролардан бирининг айтишича, Никарагуадан Мексика орқали АҚШ чегарасидан ўтказиш учун 5 минг доллар тўлаш керак. Бу ҳам етмагандек, йўлда хориж давлатларининг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳам 1,5-2 минг доллар пора беришга тўғри келади.
Яна бир ўзбекистонлик АҚШда ошпазлик қилиш учун бориб, тўрт ойдан кўпроқ АҚШ қамоқхонасида сақланганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мексика орқали АҚШга ўтаётган ўзбекистонликларга жазо кучайтирилаётгани ҳақида хабар бергандик.