АҚШга борадиганлар Эбола бўйича декларация тўлдириши шарт бўлади
Олам
−
18:36 335 2 дақиқа
АҚШ шарқий вақти билан 3 ноябрь соат 23:59 дан бошлаб, мамлакатга хориждан учиб борувчи барча йўловчилар, жумладан, транзит йўловчилар ҳам махсус декларация тўлдириши шарт. Бу ҳақда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) маълум қилди.
Қайд этилишича, талаб Эбола вирусининг АҚШга кириб келиш хавфини камайтириш мақсадида жорий этилмоқда. Янги тартибга кўра, йўловчилар парвоздан олдинги 21 кун давомида Конго Демократик Республикасида бўлмаганини тасдиқловчи қоғоз ёки электрон декларацияни тўлдириб, имзолаши керак.
Бунда мамлакат аэропорти орқали транзит ўтиш ҳам, ҳатто йўловчи самолётдан тушмаган ёки аэропортни тарк этмаган бўлса-да, Конго Демократик Республикасида бўлганлик ҳисобланади.
18 ёшга тўлмаган йўловчилар номидан декларацияни ота-онаси, васийси ёки бошқа ваколатли шахс имзолайди. Ҳужжатни тақдим этмаган йўловчиларга, АҚШ ҳукумати томонидан истисно берилмаган бўлса, рейсга чиқишга рухсат берилмайди.
Талабларни бажариш авиакомпаниялар ва самолёт операторлари зиммасига ҳам юкланади. Улар йўловчилардан тўлдирилган декларацияларни қоғоз ёки электрон шаклда қабул қилиши ва сақлаши шарт.
Ҳар бир йўловчининг декларацияси унинг хорижий давлатдан АҚШга келган рейсидан кейин камида 42 кун давомида сақланиши керак. АҚШ ҳукумати сўровига кўра, авиакомпаниялар ҳужжатни тақдим этиши, шунингдек, йўловчини аниқлаш учун унинг исми, йўловчи маълумотлари ёзуви рақами (PNR), авиакомпания ва ташувчи коди, рейс рақами, жўнаш ва етиб келиш аэропортлари, сафар санаси ҳамда вақтини бериши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уганда Конго Демократик Республикасига сафар қилган ва мамлакатга қайтган фуқароларни 21 кунлик карантинга жойлаштиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси27 Октябрь