АҚШга 30 дан ортиқ мамлакат фуқаролари кириши тақиқланади

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти 30 дан ортиқ давлат фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм “Fox News” эфирида сўз очди.

У аниқ рақам ва қайси давлатларга тақиқ жорий этилишини тилга олмаган. Вазирнинг тушунтиришича, тақиқ рўйхатга олинган давлатларгагина тааллуқли бўлади, улар ўз фуқароларини назорат қилиш ва АҚШга текширишда ёрдам бера олмаяпти. 

“Мен аниқ сонни айтолмайман, лекин улар 30 дан кўп. Агар бу давлатларда барқарор ҳукумат бўлмаса, агар улар бизга АҚШга киришга уринаётган одамлар кимлигини тушунтириб бера олмаса ва уларни текширишга ёрдам беролмаса, унда нега биз бу мамлакатлар фуқароларини Қўшма Штатларга киритишимиз керак?” деган Кристи Ноэм. 

Янги чекловлар 26 ноябрь куни Вашингтонда содир бўлган ҳужумдан кейин қаттиқлаштирилган миграция сиёсатининг давомидир. Шу куни Миллий гвардия ҳарбийларидан бири ҳалок бўлган. Суриштирувларга кўра, ҳужумни 2021 йилда АҚШга келган афғон фуқароси амалга оширган. Президент Трамп ўшанда “учинчи дунё мамлакатларидан келадиган миграцияни абадий тўхтатишни” ваъда қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп маъмурияти Вашингтон миллий хавфсизликка таҳдид, деб ҳисоблаган 19 давлат фуқароларининг барча иммиграция аризаларини кўриб чиқишни вақтинча тўхтатганди. “Қора рўйхат”га тушганлар орасида Туркманистон ва Афғонистон фуқаролари ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг