АҚШдан бир кунда ўнлаб россияликлар қувилди

Олам

image

Жорий йилнинг 27 август куни АҚШ ҳукумати 30 нафардан 60 нфаргача Россия фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.

Депортация қилинганлар орасида сиёсий бошпана сўраган ва Россияда қочқинликда айбланаётган собиқ ҳарбий ҳам бўлган. Улар АҚШдаги иммиграцион қамоқхоналарда сақланиб, судларда ютқазган ёки ихтиёрий равишда ватанга қайтишни танлаган шахслар экани билдирилган.

Россияликлар Қоҳира орқали Москвага жўнатилган. Қоҳирадаги қўнишда баъзи депортация қилинган уддабуронлар бошқа йўналишга ўтиб кетишга уринган, аммо уларни Миср махсус хизмати ходимлари калтаклаган ва барибир Москва рейсига ўтказиб, қўл силкиганча, Россия томон кузатиб қўйган. Самолёт Москвага қўнгач, Россия чегара ходимлари депортация қилинганларни сўроқ қилган, улардан бирини ҳибсга олган. Қолганлар эса озодликка қўйиб юборилган.

Ҳуқуқ фаоли Владимир Осечкиннинг маълумотига кўра, Москвага қайтарилганларнинг барчаси бошдан оёқ текширувдан ўтказилиб, соатлаб сўроқ қилинган, уларнинг айримларига босим ўтказилган ва зўравонлик ишлатилган. Унга кўра, депортация қилинганларнинг бир нечтаси, жумладан собиқ ҳарбийлар ҳам қўлга олинган ва уларнинг айримларига “армияни тарк этиш“, “экстремистик фаолиятни молиялаш“, “давлатга хиёнат” каби моддалар бўйича текширув бошланган.

Шу билан бирга, баъзи депортация қилинганларнинг яқинлари Осечкиннинг маълумотини рад этган. 

Маълум бўлишича, бу Россия фуқароларининг АҚШдан оммавий равишда чиқарилиши бўйича иккинчи катта депортация саналади. Июнь ойида ҳам АҚШдан қарийб 40 россиялик чиқариб юборилган. Фаоллар яқин келажакда яна шундай депортациялар бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Қайд этиш жоиз, Трамп президентликка қайтиши биланоқ, мигрантлар масаласига алоҳида эътибор қаратди. У Америкада катта тозаловлар ўтказиб келмоқда. Трамп мамлакатдаги ноқонуний мигрантларга қарши курашни бошлагач, уларнинг сони деярли бир миллионга камайгани бунинг яққол исботидир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп уйсизларни Вашингтондан узоқроққа кўчириш ниятида эканини маълум қилганди. Бу чорани Оқ уй раҳбари “пойтахтни хавфсиз ва чиройли қилмоқчи” экани билан изоҳлаган. Унга кўра, уйсизларга яшаш жойлари берилади, лекин пойтахтдан узоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Қоҳира депортация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг