АҚШдаги McDonald’s ресторанида оммавий заҳарланиш қайд этилди. 1 киши вафот этди
Олам
−
23 Октябрь
2070АҚШда McDonald’s фастфуд тармоғига тамадди қилишга келган 49 киши бургер истеъмол қилиш ортидан заҳарланди, беморлардан бири вафот этди. Бу ҳақда мамлакатнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази хабар берди.
Заҳарланишдан вафот этган шахс колорадолик кекса эркак бўлган. Шифохонага ётқизилганлар орасида бир нафар бола ҳам бор, унинг аҳволи эса оғир. Шифохонага соғлигидан шикоят қилиб мурожаат қилган беморларнинг аксарияти рестораннинг Роял Чизбургер (McDonald's Quarter Pounder) гамбургерини истеъмол қилганини айтган. Уларнинг аксарияти Колорадо ва Небраска штатларида яшайди. Ресторан тармоғи бир неча штатларда янги тўғралган пиёз ва чорак фунтли мол гўштидан фойдаланишни тўхтатган.
Заҳарланиш ҳолатлари 27 сентябрдан 11 октябргача Канзас, Миссури, Небраска ва Висконсин каби ўнта штатда қайд этилган. Энг кўп заҳарланиш ҳолати Колорадода – 27 та, ундан кейин Небраскада – 9 та кузатилган. E. coli O157:H7 инфекцияси дейилаётган ушбу заҳарланиш ҳар йили тахминан 74 минг касалланиш ҳолатини келтириб чиқаради. Ўртача 60 га яқин киши бу инфекциядан вафот этади.
Заҳарланишлар ҳақидаги хабар тарқалгач, 22 октябрдаги қўшимча сессияда McDonald’s акциялари нархи 6 фоиздан кўпроққа арзонлаган.
Маълумот учун, АҚШнинг собиқ президенти, жорий йилнинг 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловида Республикачи партиядан кўрсатилган номзод Дональд Трамп 20 октябрь куни Пенсильваниядаги McDonald’s емакхонасига борган эди. У пиджак ўрнига ишчи фартукини кийган ва ошхонада картошка-фри қовуриб, уни қадоқлаган. Кейин у буюртмаларни тезкор қабул қилиш ойнаси орқали тайёрлаган егулигини мижозларга тарқатган – Трамп буни ўзи тайёрлагани ва егуликлар шахсий ҳисобидан эканини айтган. Президентликка номзод ташрифи вақтида ресторан зали ёпиқ бўлган.