АҚШдаги чўлдан 300 дан ортиқ инсон қолдиқлари топилди

Олам

image

АҚШдаги Невада чўлидан 300 дан ортиқ инсон қолдиқлари топилган, аммо улар кимга тегишли экани номаълум. Бу ҳақда бугун, 31 октябрь куни “The Sun” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Серчлайт шаҳри яқинидаги чўл ҳудудида куйдирилган инсон қолдиқлари ётган уюмлар топилган. Улардан бирортасида ҳам шахсни аниқловчи маълумотлар бўлмаган.

Ер ресурсларини бошқариш бюроси топилган қолдиқларнинг инсонларга тегишли эканини тасдиқлаб, тергов ишларини бошлаган. Воқеа жойидан кул солинган халталарни боғлашда ишлатиладиган пластик боғичлар ва урна бўлаклари ҳам топилган.

“Невадада шахсий ерда кулни сочиш тақиқланмаган бўлса-да, тижорий мақсадда инсон қолдиқларини ташлаб юбориш ёки ҳурматсизлик билан кўмиш федерал қонун ва касбий этика нормаларига зид ҳисобланади”, дейилади хабарда.

Қолдиқларни йиғиш ва сақлаш масъулиятини Palm Mortuaries and Cemeteries компанияси ўз зиммасига олган.

“Биз учун бу одамлар унутилмаслиги ва ташлаб қўйилмаслиги муҳим. Улар тинч жойда қолиши учун жой ажратамиз”, дейди компания президенти Селена ДиЛулло.

Яқин вақт ичида барча қолдиқлар Невада жанубидаги қабристонлардан биридаги умумий дахмага жойлаштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Невада инсон қолдиқлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг