АҚШдаги банкда одамларни гаровга олган эркак отиб ўлдирилди (видео)
Олам
−
10:04 2934 1 дақиқа
АҚШнинг Калифорния штатида 10 кишини гаровда ушлаб турган қуролли шахс 15 соатдан ортиқ давом этган махсус операция якунида йўқ қилинди. Бу ҳақда маҳаллий “Bakersfield Now” нашри хабар берди.
Ҳодиса Бейкерсфилд шаҳрида юз берган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, 41 ёшли Энтони Скотт Сирлз-Харрис 2 июль куни бинода портлаш таҳдиди ҳақида хабар берилганидан сўнг иккинчи қаватга беркиниб олган ва бир неча кишини гаровга олган.
Маълум қилинишича, ҳужумчи ўзига ва айрим гаровдагиларга портловчи қурилмалар ўрнатган. У 3 июль куни маҳаллий вақт билан соат 04:20 атрофида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимлари томонидан отиб ўлдирилган.
ФҚБнинг Сакраменто бўлими раҳбари Сид Пателнинг айтишича, ҳужумчи ҳуқуқ-тартибот органларига аввалдан таниш бўлган ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларда қурол ишлатгани учун жиноий тарихга эга эди.
Гаровга олинганлар орасида Керн округи таълим бошқармаси ходимлари ҳам бўлган. Расмийларга кўра, барча 10 нафар гаровдаги шахс озод қилинган ва уларга тан жароҳати етмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа содир бўлган бинода банк филиали ҳам жойлашган. Ҳозирда ҳужумчининг ҳаракатларига нима сабаб бўлгани юзасидан тергов олиб борилмоқда.
Live
Барчаси